ТАРАФЛАР (ҳуқуқда) — фуқаролик процессида фуқаролик ишлари бўйича судларда муайян ҳуқуқ кимга тегишли эканлиги юзасидан низолашаётган жисмоний ёки юридик шахслар. Фуқаролик ишларини судда кўриб ҳал қилиш жараёнида 2 тараф: даъвогар ва жавобгар иштирок этади. Тарафларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг ФПКда (40модда) белгилаб берилган. Тарафлар фуқаролик процессуал муомала лаёқатига (ФПКнинг 38моддаси), яъни судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқатига эга бўлиши лозим. Бундай лаёкатга вояга етган (18 ёшга тўлган) муомала лаёқати чекланмаган фукаролар эга бўлади. Вояга етмаган еки муомала лаеқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари уларнинг қонуний вакиллари, ҳомий ва васийлик органлари, бошқа ваколатли органлар томонидан судда ҳимоя килинади. Меҳнат билан боғлиқ низоларда ва белгиланган тартибда тўла муомалага лаёқатли деб топилган ҳолларда 16 ёшга тўлган фуқаролар ҳам ўз ҳуқукларини судда ўзи ҳимоя қилиши мумкин. 14 ёшга тўлмаган фуқаронинг, шунингдек, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги сабабли муомала лаёқатига эга эмас деб топилган шахсларнинг ҳуқуқлари судда уларнинг отаоналари ва б. қонуний вакиллари томонидан ҳимоя қилинади. Даъвогар — даъво такдим этиш, унинг предметини ўзгартириш, даъводан воз кечиш, келишув битими тузиш каби, жавобгар эса — даъвони тан олиш, далил такдим этиш, қарши даъво қўзғатиш ва ҳ. к. процессуал ҳуқуқларга эга. Қонун улар зиммасига ўз процессуал қуқуқларидан инсоф билан фойдаланиш, қонунни бузмаслик, суд фармойишларини сўзсиз бажариш каби қатор мажбуриятларни ҳам юклайди. Муайян ҳолларда қонун давлат муассасалари, жамоат бирлашмалари, айрим мансабдор шахсларга ва айрим фуқароларга ўзга шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судда даъво қўзғаш ва иштирок этиш ваколатини беради (ФПКнинг 46—49моддалари).
Жиноят процессида Тарафлар сифатида суд жараёнида иштирок этадиган ва ўз ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида далилларни текширишда қатнашадиган, далиллар тақдим қила оладиган, бошқа тараф хулосалари юзасидан низолашадиган, шикоятлар қила оладиган ва б. жиноий процессуал ваколатларга эга бўлган шахслар қатнашади. Жиноят процессида тараф сифатида судланувчи, унинг қонуний вакили ва ҳимоячиси, давлат айбловчиси (прокурор), иш юзасидан жабрланувчи шахс, фуқаролик даъвогари ҳамда уларнинг манфаатларини судда ҳимоя қилувчи қонуний вакиллари иштирок этади. Уларнинг жиноят процессидаги процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятлари жиноят процессуал қонунчилигида белгилаб қўйилган.
Хўжалик процессида ўз ҳуқуклари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини қимоя қилиш мақсадида даъво такдим этаётган ёки манфаатини кўзлаб даъво такдим этилган ташкилот ва б. хўжалик юритувчи субъектлар (шу жумладан, юридик шахс ташкил этмаган якка тадбиркорлар) Тарафлар саналади. Хўжалик ишлари бўйича процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлар Ўзбекистон Республикаси ХПКда белгиланган (35 — 36моддалар).
Йўлдош Турсунов.