СЎРОВНОМА, анкета — 1) ишга қабул қилишда тўлдириладиган расмий ҳужжат. Ўзбекистондаги айрим ташкилотларда кадрларни ҳисобга олиш шахсий варақаси билан бир қаторда Сўровнома шаклидан ҳам фойдаланилади. Ундаги саволлар, баъзи қўшимчаларни ҳисобга олмаганда, шахсий ходимнинг шахсий ҳужжатларидаги ёзувларга айнан мувофиқ келиши керак. Сўровномада ишга кирувчи (тўлдирувчи)нинг имзосидан ташқари кадрлар билан шуғулланувчи (ҳужжатни текшириб олувчи)нинг ҳам имзоси бўлади;
2) тўлдираётган одам ҳақида биронбир маълумот олиш ёки муайян дастур бўйича тузилган саволларга жавоб олиш учун бериладиган сўров варақаси. Сўровнома тузиш, уни тарқатиш, ўрганиш (анкеталаштириш) ижтимоий фанларда, аҳоли рўйхатини ўтказишда, жамоатчилик фикрини ўрганишда қўлланилади (қ. Сўров).