ТАРИХИЙ ЖАНР, тарихий мавзудаги асарлар — адабиёт ва санъатдаги асосий жанр ёки мавзулардан бири; тарихий ўтмиш мавзуида ёзилган асарлар туркуми.
Бадиий адабиётнинг асосий вазифаларидан бири тарихий ўтмишда содир бўлган воқеалар, яқин ёки олис ўтмишда яшаган тарихий шахсларга бағишланган асарлар яратишдир. Илмий тадқиқотлардан фарқли ўлароқ, ёзувчи ёки шоир тарихий мавзудаги асарда тарих ҳақиқатига суянган ҳолда тўқимадан ҳам самарали фойдаланади. Ёзувчи ёки шоир тарихий шахслар билан бирга шу шахслар образини ёрқин мужассамлантириш, тасвир этилаётган давр манзарасини кенг ва атрофлича ёритиш мақсадида тўқима қаҳрамонлар образини асарга олиб киради. Тарихий мавзуда асар ёзувчи муаллифдан тасвир этилаётган давр ҳаётини ёки тарихий шахснинг ҳаёти ва фаолиятини тарих ҳужжатлари (архив материаллари, хотиралар ва ҳ. к.) асосида ўрганиш, шу даврнинг тарихий колоритини ҳаққоний ифодалаш, персонажлар нутқида ўша давр кишилари тилига хос хусусиятларни акс эттириш талаб этилади. Ёзувчи ёки шоирнинг тарихий мавзуга мурожаат этишдан мақсади, китобхонларни тарихий ўтмишдаги муҳим воқеалар, тарихий шахслар ҳаёти ва фаолияти билан таништириш, уларда ўз халқининг тарихий ўтмишига нисбатан ҳурмат туйғусини уйғотиш ва шу йўл билан маърифатли авлодни тарбиялаш; замондошларни тарихий ўтмиш воқеаларидан, тарихий шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятидаги ибратли томонлардан сабоқ олишга ундаш; бугунги воқеликдаги айрим нохуш воқеа ва ҳодисаларга тарихий ўтмиш воқеаларини тасвирлаш орқали муносабат билдиришдир.
Тарихий ўтмиш мавзуи асосан насрнинг роман, қисса ва ҳикоя, драматургиянинг трагедия ва драма, шунингдек, шеъриятнинг достон, баллада, лирик шеър каби жанрларида ёритилади. Жаҳон адабиётида тарихий ўтмиш мавзуи У. Шекспир ва Ф. Шшыерттт трагедиялари, В. Скотт, Ж. Голсуорси, Л. Н. Толстой ва б. ёзувчиларнинг роман ларида катта маҳорат билан ёритилган.
Жаҳон адабиётидаги тарихий ўтмиш ҳаётидан олинган айрим асарлар, мас., А. Дюма романлари ёки А. С. Пушкиннинг «кичик трагедиялар»ида тарихий ҳақиқатдан чекиниш, ҳатто тарихий ҳақиқатга зид ҳодисаларни тасвирлаш ҳоллари учрайди. А. С. Пушкин «Моцарт ва Сальери» асарида буюк немис композиторини Сальери томонидан заҳарланган, деб Моцартнинг ўлими сабабини мутлақо нотўғри талқин қилган. Бундай ҳоллар жаҳон адабиётида шу вақтгача ёзувчининг бадиий нияти билан боғлиқ ҳолда изоҳлаб келинади. Аммо Тарихий жанрнинг тараққий этиши билан ёзувчи ёки шоирдан тарих ҳақиқатига содиқлик талаб этила бошлади.
Ўзбек адабиётида замонавий тарихий асар биринчи марта Абдулла Қодирий томонидан яратилди. Ёзувчининг «Ўтган кунлар» романи билан ўзбек адабиётида тарихий роман жанри майдонга келди. Ойбек «Қутлуғ қон» романида Қодирий бошлаб берган тарихий роман анъаналарини ривожлантирди ва «Навоий» романи билан тарихийбиографик роман жанрига тамал тошини қўйди. Кейинчалик О. Ёқубов «Улуғбек хазинаси», ХХ. Крдиров «Юлдузли тунлар», Муҳаммад Али «Сарбадорлар» романлари билан тарихий роман жанрини янги босқичга олиб чиқдилар. Драматургияда тарихий мавзуда асар ёзиш тажрибасини Фитрат «Абулфайзхон» трагедияси билан бошлаб берди. Кейинчалик шу жанрда Уйғун ва Иззан Султоннинг «Алишер Навоий», Ҳамид Олимжонннт «Муқанна», Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» ва «Мирзо Улуғбек», Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» сингари трагедиялари вужудга келди ва бу асарлар тарихий шахс образини яратишда драматургиянинг бадиий имкониятлари катта эканини намойиш этди. Шеъриятда эса турли даврларда Рафик, Мўминнинг «Қапчиғай», Ойбекнинг «Навоий» ва «Ҳамза», Султон Жўранинг «Бруно», Усмон Азимнинг «Халил Султон», Азим Суюннинг «Сарбадорлар» сингари достонлари яратилиб, улар тарихий мавзудаги достонларнинг бадиий тамойилларини белгилаб берди.
Шоирлар тарихий ўтмиш манзараларини ҳаётий воқеалар ва қаҳрамонлар образи орқали тасвир этиш билан бирга кўплаб эртакдостонлар ҳам яратдилар. Аммо уларни Тарихий жанрга киритиб бўлмайди. Негаки, тарихий мавзудаги ҳар қандай асарда тарихийлик асосий бадиий мезон бўлиши ва ёзувчи ўз асарида тарих ҳақиқатига қатъий риоя қилиши лозим. Мас., Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида Искандар Зулкарнайн (Александр Македонский) образи мавжудлигига қарамай, уни тарихий ёки тарихийбиографик асар, деб бўлмайди.
Тасвирий санъатда Тарихий жанр жамият тарихидаги ижтимоий сиёсий аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеалар ва арбобларни тасвирлашга асосланади. Одатда ўтмишни тасвирлайдиган Тарихий жанр, шунингдек, яқин ўтмишда рўй берган ва тарихий аҳамияти замондошлар томонидан тан олинган воқеаларни акс эттиришни ҳам ўз ичига олади; кўпинча маиший жанр, портрет, манзара каби бошқа жанрлар билан, айниқса, ҳарбий воқеаларнинг тарихий мазмунини ёритувчи баталь жанри билан чатишиб кетади. Тарихий жанр ривожи тарихий нуқтаи назарлар, ижтимоийсиёсий қарашлар тараққиёти билан, юксалиш даврлари эса ижтимоий қарамақаршиликлар шароити, ижтимоий ҳаракатлар, миллатларнинг ўзлигини англашининг ўсиши, санъатда илғор ижтимоий ғояларни акс эттирилиши билан боғлиқ. Тарихий жанрда кўпинча тарихий кучларнинг драматик тўқнашуви, миллий озодлик курашлари, халққа тарихни ҳаракатга келтирувчи фаол куч сифатида қараш кабилар узининг бадиий ифодасини топади. Тарихий жанр қадимдан — ибтидоий жамоа давридан бўлиб ўтган муҳим воқеаларни эслаш, хотирлаш ва шу хотираларни тасвирлаш заминида юзага келган. Олд Осиё, К,ад. Миср, Ўрта Осиё, Эрон ҳудудларида ҳарбий юришлар, подшо, ҳарбий қўмондонларнинг фаолиятини мадҳ этувчи кўп жуссали мураккаб композицияли асарлар юзага келган; мамлакатлар ички ҳаёти, ташқи алоқалар, элчилар қабули ва б. воқеалар рассомлар ва ҳайкалтарошларнинг асарларида ўз ифодасини топди. Жумладан, Тупроққалъа деворий расмлари ва ҳайкаллари, Афросиёб деворий расмлари ва б. Юнонистонда муҳим воқеалар, тарихий шахснинг қиёфалари афсонавий образ ва композицияларда ифодаланди. Қад. Римда Тарихий жанр ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди, асарлар ўзининг ўта реаллиги ва тафсилоти билан диққатга сазовор, бу жиҳатлар, айниқса, рельефли композицияларда намоён бўлди. Ўрта асрларда диний мавзулардаги асарларда тарихий воқеалар ҳам тасвирланди. Осиё мамлакатларида Тарихий жанрда салмокли асарлар яратилди, бу айниқса, деворий расмлар ва воқеабанд рельефларда кўп учрайди, миниатюра ва монументал санъатда кенг ривожланди.
Уйғониш даврида Тарихий жанр мустақил жанр сифатида шаклланди, 17—18-а. ларда етакчи жанр даражасига кўтарилди (Д. Веласкес, П. Рубенс ва б.), тарихий портретларга эътибор кучайди (ҳайкалтарош Ж. Гудон, рассом Ж. Рейнольде, Ж. Давид ва б.), 19-а. дан Тарихий жанрда инсоният тарихида бўлиб ўтган муҳим воқеалар, халқ бошига тушган оғир мусибатлар асарларда ўз ифодасини топди (Ф. Гойя, О. Делакруа ва б.). 19-а. 2ярми Европа санъатида яратилган асарларда романтик руҳ кучли бўлса, передвижниклар асарларида танқидий руҳ етакчи бўлди. 20-а. бўсағасида рамзий умумлашма асарлар яратиш, тарихий портретлар ишлаш кенг ёйилди. 20-а. жаҳон маданиятида мавжуд бўлган турли оқим ва йуналишлар Тарихий жанр асарларида ҳам намоён бўлди (П. Пикассо, А. Фужерон, О. Дикс, Г. Грос, Р. Гуттузо, Д. Ривера, Д. Сикейрос ва б.).
Ўзбекистон тасвирий санъаатида Тарихий жанр қадимдан шаклланган ва тараққий этган. Тарихий жанрнинг дастгоҳ шакллари 20а. 30й. ларидан ривожланди. Маҳаллий рассомлардан Б. Ҳамдамий, А. Абдуллаев, Ш. Ҳасанова ва б. ижодида тарихий шахсларни гавдалантириш муҳим ўрин тутади. 50—60й. лардан ўзбек тасвирий санъатига кенг кўламда маҳаллий рассомларнинг кириб келиши Тарихий жанр мавзу ва услубининг рангбаранглигини таъминлади. М. Набиев, Р. Чориев, Ж. Умарбеков ва б. рассомлар ижодида Тарихий жанрга оид асарлар юзага келди. Мустақиллиқдан сўнг тарихга, ўтмишга мурожаат этиш ва эътиборнинг ортиши Тарихий жанрни янада юксалишини белгилаб берди: Жалолиддин Мангуберди, АлФарғоний, Амир Темур кабиларга бағишланган тарихий туркум асарлар яратилди.
Наим Каримов, Неъмат Абдуллаев.