ЦИТОХРОМЛАР (юн. kitos – ҳужайра ва chroma — ранг, бўёқ) — таркибида темир атомлари бўлган мураккаб оқсиллар. Ц. нинг оқсил бўлмаган қисми (простотик гуруҳ) гемдан иборат. Цитохромлар ўсимлик ва ҳайвон ҳужайралари, микроорганизмлар (ачитқилар, айрим факультатив анаэроблар)да митохондрийлар, эндоплазматик тўр, хлоропластлар ва хроматофоралар мембраналарида жойлашган. Цитохромлар тирик организмларда кечадиган жараёнлар: ҳужайранинг нафас олиши, фотосинтез ва микросомал оксидланишида муҳим аҳамиятга эга. Цитохромларнинг электронларни бериш ва қабул қилиб олиш хусусияти улар геми таркибидаги темир атоми валентлиги ўзгариши билан боғлиқ. Одатда, Цитохромлар ўзаро бирикиб, занжир ҳосил қилади; электронлар ана шу занжир бўйлаб донордан акцепторга узатилади. Хлоропластлар, митохондрийлар ва прокариотларда электрон кўчирувчи занжирнинг энергия билан таъминланиши ёруғлик энергияси (фотосинтез) ёки субстратнинг оксидланиши (нафас олиш)да ҳосил бўладиган энергия ҳисобига амалга ошади. Эндоплазматик тўр мембраналарида электрон кўчирувчи занжирлар, одатда, калта бўлиб, микросомал оксидланиш жараёнида ароматик бирикмаларни зарар-сизлантириш вазифасини бажаради.
40 га яқин Цитохромлар аниқланган, Уларнинг бир қисми тоза ҳолда индивидуал оқсиллар сифатида олинган. Цитохромлар 4 асосий гуруҳ (а. в, с, d)ra ажратилади. Бу гуруҳлар, ўз навбатида, яна бир неча кичик гурухларга бўлинади. (мас, цит. а, цит. ар цит. а2, цит. а3, Ц. р-450, Ц. И). Айрим Цитохромлар мембраналар билан мустаҳкам боғланганлиги сабабли уларни тоза ҳолда ажратиб олиш кийин. Тирик организмлардан ажратиб олинган Цитохромлар с1 нинг оқсил қисмидаги аминокислоталар кетмакетлигини такдослаш натижасида полипептид занжирнинг турли қисмларида 35 ва 11 та аминокислота жойлашганлиги, полипептидлар таркиби доимий бўлиши аниқланган. Полипептид занжирнинг бошқа қисмларида алмашиниб қолган аминокислоталар миқцори мазкур турлар ўртасидаги филогенетик фарқ б-н бевосита боғлиқ. Мас, от билан ачитқи замбуруғи Цитохромлар с, даги 48 та, ўрдак билан товуқ фақат 2 та аминокислота қолдиғи б-н фарқ қилиши, сигир билан қўй эса умуман фарқ қилмаслиги аниқланган. Цитохромлар молекулаларини ўрганиш айрим эволюцион ҳодисаларни, мас, мутацион жа-раён тезлигини, филогенетик яқинликларни, оқсил молекулалари айрим қисмларининг эволюцион ўзгарувчанлик даражасини миқцор жиҳатдан тавсифлаш имконини беради.