ТЕКТОНИК ДЕФОРМАЦИЯЛАР — Ернинг чуқурликдаги кучлари таъсирида тоғ жинслари таналарининг ётиш шакли, ўлчами, ички структураси ва ўзаро жойлашишининг ўзгариши. Бунинг натижасида Ер пўстида маҳаллий йўналишда чўзилиш, сиқилиш ёки силжиш рўй беради. Тектоник деформациялар айниқса чўкинди, вулканик ва метаморфик тоғ жинсларининг дастлабки горизонтал ётишининг бурмаланганлик ва узилишли бузилишларда аниқроқ намоён бўлади. Тектоник деформациялар магматик тоғ жинслари ва кристалли сланецларда улар таркиб топган минералларнинг ётиш йўналишининг ўзгаришига ёки қайта кристалланишига олиб келади қ. ( Тектонитлар, Петротектоника). Т. д. таснифи, асосан, қатқатли қатламларни ўрганиш асосида тузилади; бурмали (қ. Тоғ жинслари бурмаланиши) ва узилмали Тектоник деформациялар фарқ қилинади. Бурмаланиш — тоғ жинслари қолдиқ деформациясининг натижаси бўлиб, унда тектоник зўриқиш уларнинг эгилувчанлик чегарасидан ошиб кетади; узилмалар тоғ жинсларининг емирилиши натижасида содир бўлади, унда тектоник зўриқиш уларнинг мустаҳкамлик чегарасидан юқори бўлади.
Ер пўстининг айрим участкалари, ўз тузилиши ва геологик тарихи бўйича у ёки бу тектоник режимни ташкил қилган Тектоник деформацияларнинг муайян мувофикдиги билан тавсифланади. Тектоник деформацияларнинг ташқи кўриниши, типи, ўлчами жуда кўп омиллар — тоғ жинсларининг физик хусусиятлари, йўналиши ҳаракатдаги тектоник кучларнинг жадаллиги ва давомийлигига боғлиқ. Тектоник деформацияларнинг механизм ва сабаблари — ер қимирлашнинг содир бўлиши ва Ер пусти ривожланиши умумий муаммоларининг муҳим қисми ҳисобланади (қ. Сейсмология, Тектоника). Табиий объектларни муфассал ўрганиш билан бирга, Тектоник деформациялар рўй бериши юзасидан туғиладиган турли муаммоларни ҳал қилиш учун 20-а. ўрталаридан физик назарияларга (қ. Тектонофизика) асосланган моделларда экспериментал изланишлар олиб бориш ҳамда Ер пўстидан ва Ернинг ички қобиғида содир бўлаётган геокимёвий жараёнларни ўрганишнинг аҳамияти ортиб борди. Тектоник деформацияларда тектоник бузили шлар ёки дислокациялар бўлиб, улар 3 синф: узилишли (дизьюнктивли), бурмали (пликативли), инъективлига бўлинади. Узилишли дислокациялар орасида ташламаузилмалар чўзилиш шароитларида; кўтарилмаузилмалар, сурилмалар, тектоник қоплам (шарьяж) лар қисилиш; сшгжималар парчаланиш шароитларида ҳосил бўлади. Бурмали дислокациялар орасида тоғ жинсларининг бўйлама ва кўндаланг эгик бурмалари мавжуд. Инъективли дислокациялар, магманинг Ер пўсти чўкинди қатламидаги тоғ жинсларига сингиши, чўкинди ёки матаморфик жинслар нонормал зичлиги ҳамда туз, гил ва гнейсларнинг қайишқоқлиги билан боғлиқ. Тектоник деформацияларнинг интенсивлиги регионал метаморфизмда флюидларнинг фаоллиги натижасида ва чуқурликда тра кўтарилганда бирдан ортади.