ТИЛ ТИЗИМИ — х,ар қандай табиий тилнинг ўзаро муносабатлар билан боғланган, муайян бирлик ва бутунликни ташкил этувчи лисоний унсурлари мажмуи. Тил тизимининг ҳар бир таркибий қисми алоҳидаалоқида эмас, балки тизимнинг бошқа таркибий қисмларига қарамақарши қўйилгандагина мавжуд бўлади.
Тил мураккаб бутунлик бўлиб, унинг таркибий қисмлари сифатида фонологик, лексик (семантик), морфологик, синтактик ва услубий (функционал) сатҳлар ажратилади. Тил тизим (бутунлик) табиатига эгалиги боис унинг таркибий қисмлари ҳам шундай характерда бўлади.
Тилнинг тизим сифатида изохланиши Ф. де Соссюр, В. Гумбольдт ва б. тилшуносларнинг асарларидан бошланган. Тил тизими ҳақидаги ҳоз. замон тасаввури эса ўз ичига ўзаро алоқадор бўлган тил сатҳлари, тил бирликлари, парадигматик ва синтагматик муносабатлар, тилнинг белгилар тизими эканлиги, тилда шакл ҳамда вазифа (функция), структура ва субстанция, тилнинг ички ва ташқи алоқалари, синхрония ва диахрония, анализ ва синтез, доимийлик ва муваққатлик каби тушунчаларни ҳам қамраб олади.
Тил тизимини ташкил этувчи таркибий қисмлар бир-бирини тақозо этади. Сўзлар иштирокида сўз бирикмаси, гаплар шаклланади ва нутқ ҳосил бўлади. Бунда грамматик қурилиш воситалари (аффикс, ёрдамчи сўзлар, синтактик воситалар) ҳамда сўз тартиби, инверсия, супплетивизм, тавтология сингари воситалар ҳам ўзига хос аҳамият касб этади. Тил ўта мураккаб қурилишли ижтимоий ҳодиса бўлиб, унинг негизини ташкил этувчи тил бирликлари тизимлари асосида тил қурилишининг ўзаро боғлиқ босқичлари ажратилади; бу босқичларга хос бирликлар тизими тилшуносликнинг турли соҳаларида ўрганилади.
Ад.: Соссюр Ф. де, Труды по языкознанию, М., 1977; Солнцев В. М., Язык как системноструктурное образование, 2изд., М., 1977.
Илҳом Мадраҳимов.