ТИЛЛИТЛАР (инг. tillite, till — валун гили) — музлик ётқизиклари, мореналар. Зичлашган, сараланмаган ҳосилалар бўлиб, дағал чақиқ жинслардан таркиб топган, баъзан метаморфизмга учраган. Тиллитлар таркибида валунлар бўлган майда донадор массадан иборат. Денгиз чўкиндилари ва музнинг тарқалиши натижасида ҳосил бўладиган денгиз Тиллитлар (акватиллитлар) ва пастки катламдаги туб жинсларнинг ҳаракатдаги музларида уларнинг таркибида акс этадиган континентал Тиллитлар фарқ қилинади. Тиллитлар қад. музланишнинг қолдиклари бўлиб (қ. Палеоиқлимшунослик), улар эрта протерозойдан ва деярли ҳамма континентларда кечки протерозой қатламларигача маълум. Тиллитларнинг горизонтлари Шарқий Европа платформасининг юқори рифей қатламлари, Африка, Австралия, Хитой, Ўрта Урал ва Тяньшаннинг кечки протерозой қатламларида учрайди. Тиллитларнинг қалинлиги ўнлаб ва юзлаб м га етади. Тиллитлардан стратиграфия, палеогеография муаммоларини ечишда ҳамда чўкинди фойдали қазилмалари (темир рудаси) конларини башоратлашда фойдаланилади.