УХЛАТУВЧИ ДОРИЛАР — уйқу келтирувчи дорилар; организмга юборилганда табиий уйқуга монанд ҳолатни пайдо қилади. Ухлатувчи дориларнинг самараси марказий нерв системасининг турли қисмларига тормозловчи таъсир кўрсатишига асосланган. Ухлатувчи дориларнинг кичик дозаси кишини тинчлантиради.
Ухлатувчи дориларга барбитурат кислота ҳосилалари ёки барбитуратлар ва кимёвий тузилиши турлича бўлган моддалар киради. Тинчлантирувчи моддалар ҳам уйқуни нормаллаштиришга ёрдам бериб, ҳаяжонни камайтиради, тажанглик ва безовталикни йўқотиб, уйқу келтиради. Уйқунинг турли бузилишларида Ухлатувчи дорилар қўлланилади.
Ухлатувчи дорилар уйқу келтириш тезлиги ҳамда ухлатиш муддатига кўра, узоқ муддатли ва ўртача муддатли дориларга бўлинади. Врач турлича уйқу бузилишини даволаш учун дори танлашда бу хусусиятларни эътиборга олиши лозим.
Кўпчилик Ухлатувчи дорилар кучли таъсир этувчи дори моддалари қаторига киради. Уларни фақат врач рухсати билан қабул қилиш лозим, акс ҳолда одам бу дориларга ўрганиб қолади.