ТИФЛОТЕХНИКА — кўрлар, кўзи ожизлар ва кўркарларни ўқитиш, меҳнат фаолиятига тайёрлаш, уларга маданиймаиший хизмат кўрсатиш, кўзи ожизларнинг кўриш қобилиятини кучайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган махсус асбобсозлик соҳаси. Тифлотехника олий нерв фаолияти физиологияси, офтальмология, кўриш нейрофизиологияси, электрофизиология, физиологик оптика, кўриш гигиенаси, эргономика, умумий, муҳандислик ва тиббий психология, тифлопедагогика, тифлопсихология, алоқа назарияси, электроника, ахборотлар назарияси ва б. соҳаларга асосланади. Электрон Т. нарсалар, визуал жараёнлар ва ҳодисалар тўғрисида кўрларга объектив ахборот беради. Кўрлар ва кўзи ожизларнинг одатдаги китоб, журнали, газета ва б. ни «ўқишлари» учун оддий ҳарфларни овоз, тактил, тактилтитрама сигналларга айлантириб берувчи «ўқиш» машиналари ишлаб чиқилган. Махсус аппаратлар мактаблар ва б. билим юртларида у^казиладиган лаб. ишларида кўр ва кўзи ожизларнинг атрофдаги нарсалар, жараёнлар ва хрдисалар тўғрисида муайян тасаввур олишларига имкон беради. Кўрларнинг кўчакуйда мўлжал олишларини осонлаштириш учун товуш ёки тактил сигнализацияли электрон асбоблар яратилган, махсус электрон ҳассалар ишлаб чиқарилган.
Кўрлар ва кўркарларнинг ёзишлари учун Л. Брайл тизимида турли асбоблар ва махсус ёзув машинкалари ишлаб чиқарилган. Кўзи ожизлар учун махсус линзалар, проекцион аппаратура, ўқиш мосламалари, мактаблардаги фронтал машғулотлар учун берк тизимдаги телевизион қурилмалар мавжуд. Бундай воситаларнинг янги турларини ишлаб чиқиш борасида и. т. ишлари олиб борилмоқда.
Кўзи ожизларнинг кўриш қобилиятини кучайтириш ва тиклаш учун турлитуман оптик асбоблар яратилган. Кўрлар ва кўзи ожизларнинг меҳнат фаолиятига кўмаклашиш учун иш унумдорлигини оширишга ёрдам берадиган, меҳнат хавфсизлигини таъминлайдиган қурилмалар ишлаб чиқарилган. Тифлотехника кўз ва қулоғида камчиликлар бўлган одамларнинг ҳаёт кечириши ва меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун жуда муҳим аҳамиятга эга.