ВАЗОВ Иван Минчов (1850. 9. 7, Сопот – 1921. 22. 9, София) — болгар ёзувчиси, жамоат арбоби. Вазовнинг асосий назмий асарларидан бири «Рад этилганлар эпопеяси» (1881—84) ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган тарихий мавзудаги лиро-эпик поэмалар туркумидан иборат. «Зулм остида» (1889—90) романи миллий озодлик кураши тўғрисида. Кўпгина Европа тилларига таржима қилинган бу роман жаҳон адабиётининг сара асарларидандир. 90-й. лар бошида Вазов ижодидаги тарихий-қаҳрамонлик мавзуси ижтимоий фош этувчи мавзу билан алмашади («Янги ер»,1896; «Казалар маликаси» романлари, 1903). У ўрта асрдаги Болгария ҳаётидан тарихий драмалар, шунингдек «Шуҳратга номзодлар» (1901), «Ёғлиқ жой ахтарувчилар» (1903) комедияларини ёзди.