ВАЛЁР (франц. valeur — баҳо, қиммат-баҳо) — рассомлик санъатида маълум нур ва соя миқдорини ифодаловчи (бошқа ранглар билан боғлиқ ҳолда) ранг тури. Рангтасвирдаги ранглар уйғунлигида «Валёр» термини ўзаро қонуний алоқада бўлган ва маълум бир ранг чегарасидаги нур ва соя изчиллигини яратувчи ҳар бир тусларни ифодалайди. Валёр изчиллигини қўллаш (кўп йирик рассомларнинг ижодини белгилаган) нарсаларни нозик ва бой нур-ҳаво муҳитида бериш, колоритни, улардаги рангларнинг алоҳида нисбати ҳамда бирбирига ўтишдаги теранлигига эришиш имконини беради (Д. Веласкес, Я. Вермер, К. Коро, В. И. Суриков, И. И. Левитан ва б).