ВАЛИДИЙ (тахаллуси; асл исми Аҳмат-заки Аҳметшахович Валидов; муҳожирликда — Аҳмад Закий Валидий Тўғон) (1890.10.12, Уфа губерняси, Бошқирдистон — 1970. 26. 7, Истанбул, Туркия) — туркий халқлар миллий озодлик ҳаракатининг етакчиларидан бири, шарқшунос-туркшунос олим, фалсафа д-ри (1930). Қозон ш. Қосимия мадрасасида таҳсил кўрган (1908—12), шу ерда туркий халклар тарихи ва адабиётидан дарс берган (1910—13). «Турк ва татар тарихи» (1912, Қозон ш.) китоби билан машҳур бўлган. Қозон ун-ти тарих, археология ва эти. жамияти йўлланмаси билан Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш учун Фаргона водийсида (1913), Россия ФА Марказий Осиё ва Узок Шаркни тадқиқ этиш халқаро жамияти йўлланмаси билан Бухоро амирлигида (1914) яшади. Туркистон ва Волгабўйи туркий халқлари тарихи, турмуш тарзи ва маданияти устида и. т. лар олиб борди. Туркистонда Беҳбудий, Мунавварқори, Чўлпон, Мустафо Чўқай, Назир Тўра-қулов ва б. арбоблар билан танишди. Санкт-Петербургда давлат думаси мусулмон фракцияси аъзоси (1915). 1917 й. апр. да Тошкентга келиб, ўлкадаги сиёсий жараёнларда қатнашди. БутунТуркистон мусулмонлари 1-қурултойида (1917 й. 16—23 апр.) тузилган Туркистон ўлкаси мусулмон шўроси бош котиби, унинг органи «Кенгаш» газ. му-ҳаррири. Ўлка халқлари мухторият ҳаракатида фаол иштирок этиб, туркий эл-элатларнинг бирлиги ва мустақиллиги ғоясини изчил ҳимоя қилди. Тошкент ш. думасининг депутати (1917). 1917 и. охиридан Бошқирдистон мухторияти ва миллий ҳаракати раҳбарларидан бири, ҳукумат бошлиғи ва ҳарбий нозири. Мухторият ҳуқуқи чеклаб қўйилгач, шўролар ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан воз кечди. 1920 й. Бухорога келди ва истиқлолчи гурухларга сиёсий раҳбарлик қилувчи марказ тузиш мақсадида Бухоро ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаев ва б. билан музокара юритди. Миллий бирлик конгрессида (1921 й. авг., Бухоро ш.) Ўрта Осиё миллий мусулмон жамиятлари федерацияси (кейинчалик «Туркистон миллий бирлиги» деб аталган) ташкил этилиб, Валидий унга раис қилиб сайланди, истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий жипслашуви учун курашди, қизил аскарларга карши жангларда қатнашди. 1923 й. фев. дан — хорижда. Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркияда ва Европа мамлакатларида илмий фаолият билан шуғулланди. Истанбул, Бонн, Гёттинген ун-тларида туркий халклар тарихидан дарс берди. Илмий асарлари турк, немис, француз, рус ва б. тилларга таржима этилиб, нашр қилинди. Булардан муҳимлари: «Туркий халқлар тарихига кириш», «Ўрта Осиё тарихининг ислом даври», «Туркистон», «Туркийлар шажараси», «Темурнинг ғарбга юришлари», «Темур авлодлари», «Бугунги турк эли Туркистон ва яқин тарихи», «Шаркда шўролар сиёсати», «Туркистоннинг истиқлол ҳаракатига қарши», «Берунийнинг дунёқараши», «Алишер Навоий», «Шайбонийхон шеърияти», «Тарихда турклар ва форслар», «Хотиралар» ва б.
Ас: Воспоминания, М., 1997; Бўлинган-ни бўри ер. Туркистон халкдарининг миллий мустақиллик учун кураши тарихидан [Хотиралар), Т., 1997.
Қаҳрамон Ражабов, Ренат Шигабиддинов.