ТОЛМОЗОР АДИРИ — Фарғона ботиғининг жан. қисмидаги адир (Фарғона вилояти ҳудудида). Шим. да Аравон — Шаҳрихон дарёлари ёйилма конуслари, жан. да Ёрмозор адирорти ботиғи билан чегараланган. Ғарбда Қопчиғай, шарқда Полвонтош адирлари билан туташиб кетади. Энг баланд жойи 712 м. Шим. ён бағри узун ва қияроқ, жан. ён бағри қисқа, тикроқ. Ён бағирлари кўплаб қуруқ сойлар ва жарликлар билан кесилган. Тектоник жиҳатдан брахиантиклиналь структура. Палеоген, неоген ва тўртламчи давр конгломерат, гил, қумтош, мергель, шағал тошларидан ташкил топган. Улар баъзи жойларда лёсс жинслари билан крпланган. Адир янги тектоник ҳаракатлар таъсирида кўтарилган. Иклими континентал, ёзи иссиқ. Йиллик ёғин 200—300 мм. Тупроғи бўз тупроқ. Ранг, қўнғирбош, шайтонковуш ва б. ўсимликлар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан каламуш, қўшоёқ, бўрсиқ, жайра, тулки, илонлар, калтакесаклар ва б. учрайди. Адир ҳудуди яйлов сифатида фойдаланилади.