ТОРИТ — оролли силикатлар синфига мансуб минерал. Кимёвий таркиби ThSiO4. Т. нинг турлари: оранжит (тўқ сариқ рангли шаффоф тури); ураноторит (UO2 10% гача); торогуммит (Н2О 15% гача); ферриторит (Fe2O3 13% гача); кальциоторит ва фосфор таркибли Т — ауэрлит. Ундан ташқари, Торит таркибида аралашма сифатида (ThO2 77% гача), А1, Ti, Mn, U, TR, Fe, Са, Р ҳамда камёб ер элементлари мавжуд. Тетрагонал сингонияда кристалланади. Одатда, донадор агрегатлар кўринишида бўлади. Кўпчилик Торитлар метамикт минерал (қ. Метамикт минераллар). Ранги қора, қизғишқўнғир, тўқ сариқ. Қаттиқлиги 4,5—5, зичлиги 4,1—6,7 г/см3. Кучли радиоактив (қ. Радиоактив минераллар). Т. шаффоф, анизатроп, мўрт, ёғдек ялтирайди. Гранитларда, баъзан ишқорли тоғ жинсларида, пегматитларда ва гидротермал томирларда акцессор минерал тарзида учрайди. Торитлар, одатда, катта уюмлар ҳосил қилмайди, касситерит, циркон билан бирга сочмалардан олинади. Торий рудаси (қ. Торий рудалари). Ўзбекистонда ЧатқолҚурама регионининг гранитоидларида акцессор минерал ҳолида учрайди.