ВАРРАК — шамолда учириладиган ўйинчоқ. Сиртига шамол босими таъсир этиши натижасида ҳавога кўтарилади. Асосий қисмлари: қамишларга таранг тортилган мато ёки хитой қоғоз (аэродинамик сирт), чиллакка (ғалтакка) ўралган ип, Варракни ипга улайдиган низомлар, Варракни осмонда муаллақ тутиб турадиган шокилдалар ёки дум. В. лар турли шаклларда ясалади. Шаклига кўра, Варрак беш қамишли (оддий), икки қамишли (лайлаки), сиртларининг шакли бўйича бир текисликли ҳамда кўп текисликли (аждарсимон) ва б., шокилдалари турига кўра икки, уч, қатор шокилдали ва думли хилларга бўлинади. Катта-кичиклигига кўра оддий ва катта (қуроқ) В. лар бўлади. Оддий беш қамишли Варракни ясашда қоғоз ёки мато тўғри тўртбурчак шаклда бичилади. Қамишлар бир хил йўғонликда йўнилади ва бичилган хитой қоғозга елим билан аввал ўртамак, кейин бошамак 2, беламак 3, шохамак 4 лар ёпиштирилади. Сўнгра беламакка туморча, шохамакларига қулоқлар ва шокилдалар ёпиштирилади. Бир оз вақт қуритилгандан сўнг бошамак ва бсламаклар ип билан эгиб боғланади. Шамолда овоз чиқариб туриши учун бошамакка дардирак ёпиштирилади. Низомлар ўтказилиб, ипга боғланади.
Лайлаки Варракни ясашда квадрат шаклдаги мато ёки қоғозга аввал диагонали бўйича ўртамак ёпиштирилади. Сўнгра иккинчи диагонали бўйича қамишни эгиб ёпиштирилади. Низомнинг бир учи ўртамак билан эгилган қамиш туташган жойга, иккинчи учи эса ўртамакнинг эгилган қамиш учларидан ўтган чизиқ б-н туташган жойга боғланади. Варрак аэродинамик сиртининг симметриклиги бузилган бўлса, беш қамишлисида шохамакларнинг пастки учларига ип боғланиб, ипнинг ўрта қисмига, лайлакида эса ўртамакка дум боғланади.
Варракнинг қуроқ деб аталадиган тури катта бўлиб, қалин қоғоз ёки юпқа матога самбиттол, беҳи ёғочи, рейкани елим билан ёпиштириб ясалади.
Варрак қадимдан маълум бўлиб, айниқса Хитойда жуда тараққий этган. 19-а. охири—20-а. бошларида Варракдан атмосферанинг юқори қатламларини текширишда, жойларни суратга олишда ва спорт мақсадларида фойдаланишган. Авиация, учиш аппаратларининг ривожланиши билан Варракдан фақат спорт ва ўйин мақсадларида фойдаланилади.