ВАСКУЛИТ (лот. vasculum — томирча) — қон томирлари деворининг яллиғланиши. Келиб чиқишига кўра бирламчи ва иккиламчи Васкулит фарқ қилинади. Иккиламчи Васкулитга юқумли (тошмали терлама, скарлатина, сепсис ва б.), системали (ревматизм, системали кизил югурук ва б.), шунингдек токсико-аллергик (грипп, ангина ва ҳ. к.) касалликлар сабаб бўлади. Васкулитга асосан иситма (иситма ҳар гал янги қон томири яллиғланганда хуруж қилиб туради), қон қуйилиши, тошмалар тошиши, касалланган томир соҳасидаги терининг жонсизланиши хос. Томирларда тромблар (тромбоваскулит), неврозлар ва аневризма пайдо бўлиши мумкин. Даво Васкулитга сабаб бўлган асосий касалликни бартараф этишдан иборат.