ТОШКЕНТ ТУПРОҚҚЎРҒОНИ — Анҳор каналининг чап соҳилида, шаҳар қалъа деворининг Қўймас (Катагон) дарвозаси ташқариси (ҳоз. Ўзбекистон проспекти ёни)даги тепаликда 1865 й. барпо қилинган. Бу тепаликда илк ўрта асрларда қурилган Қўймас истеҳкоми бўлган, унинг қолдиқлари кейинчалик Тали Қўймас, яъни Қўймастепа деб аталган. 1865 й. июнда Тошкент подшо Россиясининг генерал Черняев бошчилигидаги қўшинлари томонидан босиб олингач, бу тепаликда зудлик билан ҳарбий қалъа қуришга киришилди. Қалъанинг тарҳи 6 бурчакли бўлиб, баланд тупроқ кўтармалари билан ўралган, бурчакларида мустаҳкам бастион (бурж)лари бўлган. Кўтармаларнинг айрим жойларига ғиштдан деворлар ишланиб ўт очиш учун шинаклар қилинган. Ички қисмида 6 пиёдалар ротаси учун казармалар, офицерлар учун бино, лазарет (150 ўринли), ўқдори, кийимбош ва озиқ-овқат омборхонаси ва порох учун ертўла қурилган. Асосий кириш йўли (шарқий дарвоза) ғиштдан ҳашамдор ишланган. Кейинчалик тупроққўрғон ташқарисида устахона, аслаҳахона ва пиёда аскарлар батальони учун 2 казарма қурилган. Тошкентда европалик аҳоли учун Янги шаҳарнинг қурилиши шу тупроққўрғонни бунёд этишдан бошланди. Тупроққўрғон яқинида хрз. Мустақиллик майдонида губернатор саройи — «Оқ уй» қурилди. Тепаликда жойлашган қалъа Эски шаҳар устидан назорат қилиб туриш ва айни вақтда мустамлакачилар яшайдиган Янги шаҳарни қўриқлаб туриш имконини берган. 1867—83 й. ларда Тошкент тупроққўрғонидан ҳар куни соат 12 да тўп отилган. Қалъада солдатлар большевиклар ташвиқоти таъсирида бир неча марта қўзғолон кўтарганлар. 1917 й. 1 ноябрда Тошкент тупроққўрғонида шўро ҳукуматининг байроғи ўрнатилган. Ҳозир Тошкент тупроққўрғони ўрнида Республика Президента қароргоҳи бинолари мажмуаси жойлашган.