ВАҲОБОВЛАР (Ваҳобов Исмоил, 1949.19.1 ва Ваҳобов Исроил, 1951.19.1, Андижон вилояти Балиқчи тумани Чинобод қишлоғи) — ака-ука ҳамнафас хонандалар, Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизлари (1999). Ваҳобовлар доимо болалик давридан бирга куйлаб, ўзларининг ёқимли, баланд ва тиниқ овозлари билан шуҳрат қозонишган. Тошкент давлат консерваториясини тугатишган (1973). Ички ишлар Кўшинлари ансамбли (1973—74), Ўзтелерадио қошидаги «Маком» ансамбли (1975—92), «Танавор» миллий рақс ансамбли (1992—96)да ишлашган. 1996 й. дан «Мақом» ансамбли хонандалари (1996—99 й. лар Исроил Ваҳобов мазкур жамоанинг бадиий раҳбари). Ижро услубининг ўзига хослиги, қўшиқлардаги жўшқинлик, баланд, лекин майинлик билан куйлаш, овозлар ҳамоҳанглиги хонандалар ижодига хос. Репертуаридан Шашмақом шўъбалари ва Фарғона — Тошкент мақом йўллари («Мўғулчаи Наво», «Талкини Ушшоқ», «Баёт III», «Баёт уфориси» ва б.), ўзбек мумтоз ашулалари-(«Бебокча», «Фиғон», «Шароб» ва б.), замонавий бастакорлар (И. Икромовнинг «Бир кулиб қўй», О. Қосимовнинг «Кутарман») ҳамда ўзлари яратган асарлар («Сени ўйлайман», «Ширин забоним», «Жон Ўзбекистоним», «Яшар севгим», «Дўстларим» ва б.), шунингдек Шарқ халқлари қўшиқлари (эронча «Муборак», туркча «Холида», арабча «Ҳабибий», афғонча «Лайлижон») кенг ўрин олган.