ВЕГЕТАТИВ НЕРВ СИСТЕМАСИ (лот. vegetatio — ўсиш, ривожланиш, қўзғалиш) — одам ва умуртқали ҳайвонлар нерв системасининг бир қисми; В. н. с. нинг толалари барча ички аъзоларнинг силлиқ мускулларига тарқалиб, улар фаолиятини киши ихтиёрисиз (автоном ҳолда) бошқариб туради. Аммо Вегетатив нерв системаси анимал (скелет мускулларигача тарқалувчи) нервлар сингари бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи бошқарувида фаолият кўрсатади. Бу терминни фанга биринчи марта француз врачи М. Биша киритган (1801) ва унинг соматик нерв системаси фаолиятидан фарқини илмий жиҳатдан асослаб берган. Инглиз физиологи Ж. Ленгли (1903) Вегетатив нерв системасини «автоном нерв системаси» деб атади, чунки Вегетатив нерв системасининг фаолияти онг билан бошқарилмайди, шу сабабли «автоном» ёки ихтиёрсиз нерв системаси деб ҳам юритилади.
Вегетатив нерв системаси моддалар алмашинуви жараёнида қатнашадиган барча аъзоларнинг (юрак-қон томир, нафас, ҳазм қилиш, ажратиш, кўпайиш) тўқима ва мускуллар трофикасини (trophe — овқат) бевосита ёки гуморал (суюқлик муҳит воситасида) йўл билан идора этади. Вегетатив нерв системаси жойланиши ва фаолиятига кўра анимал нерв системасидан бирмунча фарқ қилади. Анимал нерв системаси фақат кўндаланг-тарғил (скелет) мускулларни идора қилса, Вегетатив нерв системаси ҳужайралар, тўқималар ва силлиқ мускулларни нерв билан таъминлайди. Анимал нервлар мия стволи (устуни) ва орқа миянинг барча сегментларидан бир текисда чиқади, вегетатив нервлар эса марказий нерв системасининг маълум қисмларидан (ўрта ва узунчоқ миядан, орқа миянинг барча кўкрак ва учта бел сегментларида ўзига тегишли умуртқалар оралиғидан, шунингдек думғаза соҳасидан, иккинчи — тўртинчи думғаза умуртқалари оралиғидан) тарқалади. Анимал нервлар орқа миядан чиқиб узилмасдан ишчи аъзоларга боради. Вегетатив нервлар мия соҳасидан чиққандан сўнг йўл-йўлакай вегетатив тугунларда тўхтаб, кейин ишчи аъзоларга тарқалади. Бундан ташқари, тугундан олдинги толаларнинг ҳар бири тугундан кейинги бир қанча толаларга ўз таъсирини ўтказади. Анимал нервлар миелин (ёғ) пардага ўралган ва йўғонроқ, вегетатив нервлар эса миелинсиз ва ингичка бўлади. Вегетатив нервлар асосан анимал нервлар таркибида, қон томирлар деворида чигаллар ҳосил қилиб тарқалади. Вегетатив нервларнинг ҳар бири ҳам сезувчи, ҳам ҳаракатланувчи толалар вазифасини бажаради. Уларда импульс (таъсир)лар секундига 10 м тезликка етади. Соматик нервлар таркибидаги толалар (сезувчи ва ҳаракатланувчи) эса алоҳида, миелин пардали бўлгани учун уларда импульс секундига 100 м тезликка етади.
Вегетатив нерв системаси фаолиятига кўра симпатик ва парасимпатик нерв системасига ажратилади. Симпатик нерв системаси адреналинга ўхшайдиган симпатии, парасимпатик нерв системаси эса ацетилхолин воситаси таъсирида қўзғалади. Бу моддалар қонга ва лимфа суюклигига шимилиб, улар оркали нервлар қўзғалади. Марказий нерв системаси ташқи ва ички муҳит таъсирларига Вегетатив нерв системаси орқали жавоб беради ва организмни доим ўзгариб турадиган муҳитга мослаштиради. Одатда симпатик нервлар функцияси жиҳатидан парасимпатик нервларга қарама-қарши таъсир кўрсатади. Симпатик нервлар кўз қорачиғини кенгайтиради, сўлак ва б. ажралишини камайтиради, юрак қисқаришини кучайтиради, меъда ва ичак ҳаракати (перистальтика)ни сусайтириб, уларнинг шира чиқариш фаолиятини пасайтиради, ўпка, бронхларни кенгайтиради. Парасимпатик нервлар эса аксинча кўз қорачиғини сиқиб торайтиради, сулак безлари ишини кучайтиради, юрак фаолиятини пасайтиради, ичак ҳаракатини тезлаштиради, ўпка, бронхларни торайтиради. Вегетатив нерв системаси соматик нерв системаси б-н бир бутун ҳамжиҳат бўлиб ишлайди, уни марказий нерв системасининг олий бўлимлари, асосан бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи назорат қилиб туради. Мас., организмга совуқ таъсир қилганда симпатик нервлар қўзғалиб, қон томирлар тораяди. Гипофиз, буйрак усти бези, қалқонсимон без фаолияти кучаяди, натижада бир талай адреналин ажралиб, организмда иссиқлик сақланишини таъминлайди. Аксинча, организмда иссиқлик кўпайиши туфайли парасимпатик нервлар қўзғалади. Вегетатив нерв системасининг фаолияти турли касалликлар даврида, обҳавонинг ўзгариши, ташқи ва ички таъсирлар орқали ўзгаради.
Носир Ахмедов.