ТОҲИРБОЙЗ — мил. ав. 2 минг йилликнинг 2 ярмига оид қишлоқ харобаси. Мари вилояти (Туркманистон)даги Байрамали ш. дан 12 км шим. да жойлашган. Тоҳирбойз З маданий қатламининг қалинлиги 2,5 м гача бўлиб, 20 га яқин ҳудудни эгаллаган. 1954—56 й. ларда В. М. Массой раҳбарлигидаги археологик гуруҳ қазиш ишлари олиб борган. Натижада хом ғиштдан қилинган кўп хонали уйлар очилиб, ҳар хил шаклдаги сопол идишлар, гулдонлар, қадаҳлар, хумчалар, товалар, шунингдек, пайконлар, суякдан ишланган маъбуда ҳайкалчалари, кўмирга айланган буғдой доналари ва б. ашёлар топилган. Тоҳирбойз 3 дан топилган сопол буюмлар, Намозгоҳ 6 сопол идишларига ўхшайди. Сопол идишлар кулоллик чархида маҳорат билан ясалган бўлиб, хумдонларда яхши пиширилган. Хоналар тагидан ва яқинидан бир неча қабрлар очилган. Марҳумлар қабрларга 2 шаклда: ғужанак қилиб чап ёнбоши билан ёки чалқанча ётқизилган ҳолда; жасад ярим куйдирилиб, чалқанча ётқизиб кўмилган. Марҳумларнинг бош ва оёқ қисмидан сопол идишлар, безак буюмлари топилган. Мургоб водийсидаги илк деҳқончилик билан шугулланувчиларнинг ўтроқлашишини ўрганишда Тоҳирбойз З ни текшириш катта аҳамиятга эга.