ТРАГИКОМЕДИЯ — трагедия ва комедияга хос хусусиятларни ўзида мужассамлаштирган драматик жанр. Т. да ҳаёт ҳақидаги барча мезонлар нисбий характерга эга бўлади. Бунда трагедия ва комедия учун одатий ҳол бўлган ўлчовлар мутлақо инкор қилиниши мумкин. Воқеликни трагикомик тарзда қабул қилиш ва тасвирлашда инсоннинг кундалик турмушидаги қатъий ахлоқий қоидалар бузилади. Бу жанрда ижод қиладиган санъаткор воқеликни трагикомик тарзда қабул қилади. Санъаткор мавжуд ижтимоий тузум ва урфодатларни танқид остига олиши, киноя, пичинг, юмор ва сатирадан фойдаланиб, мавжуд фожиавийижтимоий иллатлар устидан истеҳзоли кулиши мумкин. Трагикомедияда ҳар иккала жанрга хос хусусиятлар ўзаро алмашиниб, бири иккинчисининг мавжудлиги шартига айланади. Фожиавий ҳолатлар билан комик персонажлар бир пайтда саҳнага чиқади. Ушбу жанрдаги воқелик тасвири охироқибатда фожиавийлик ўрнини кулги ва кулгили ҳолатлар ўрнини фожиа эгаллаши билан якун топади. Трагикомедия ўзаро зид жанрларнинг диалектик бирлигидан юзага келадиган кулдириб йиғлатиш ва йиғлатиб кулдириш ҳолатлари асосига қурилади. Бу жанрдаги асарлар ўқувчи ёки томошабинни кулдиради ва айни пайтда чуқур тафаккур учун манба бўлиб, ичдан йиғлатади. Инсонни ўз мохиятига ёки ўзи яшаб турган жамиятга теран назар билан қарашга ўргатади. Трагикомедияда воқелик тизими тубдан ўзгариши, кутилмаган муболағали ёки аллегорик эпизодлар ўртага чиқиши мумкин.
Трагикомедиянинг дастлабки намуналари Еврипид ижодида учрайди.
19-а. охири ва 20-а. 1ярмидаги Европа адабиётида, хусусан, Г. Гауптман, А. П. Чехов, Г. Лорка, Э. Ионеско, С. Беккет ижодида Трагикомедия намуналари мавжуд. Ўзбек адабиётида Ш. Бошбековнинг «Темир хотин» асари Трагикомедияга мисол бўлади. Санъатшунос олимлар Ч. Чаплин суратга тушган фильмларда трагикомик унсурлар мавжудлигини таъкидлайдилар.
Баҳодир Каримов.