ВЕНА ТЎГАРАГИ — фалсафий тўгарак, мантиқий позитивизм асосларини ишлаб чиққан. 1922 й. Вена ш. да вужудга келган. Асосчилари — М. Шлик, О. Нейрат, Ф. Кауфман, К. Гёдель ва б. 1926 й. дан — Р. Карнап. В. т. нинг фалсафий концепцияси Э. Мах, Л. Витгенштейн, Б. Рассел ҳамда ўтмишдаги фалсафанинг эмпирик ва рационалистик, панлогистик анъаналари таъсирида шаклланди ва субъектив идеализмнинг кўриниши сифатида намоён бўлди. Вена тўгараги фалсафий муаммоларни формал мантиқ билан боғлашга, фан тилини мантиқий таҳлил қилишга уринди. Математик мантиқ аппарати таҳлил қилиш воситаси сифатида таклиф этилди. Тадқиқот услуби сифатида Вена тўгараги олға сурган мантиқий эмпиризм эмпиризмни рационализм билан бирлаштиришга уриниш эди. Вена тўгараги 1939 й. гача фаолият кўрсатди.