ВЕРИФИКАЦИЯ (лот. verus — ҳақиқий ва facio — бажараман) — мантиқдаги тушунча. Бунда фаннинг назарий қоидаларини кузатилаётган объектлар, ҳиссий маълумотлар, экспериментларга таққослаш йўли билан уларни текшириш, тажрибавий тасдиқлаш тушунилади. Верификация қоидаси мантиций позитивизмнинг асосий тушунчаларидан бўлиб, тажриба асосида бевосита текшириб кўрилмаган илмий далилларнинг билиш аҳамиятини инкор этади. Ҳоз. замон мантиққа оид услубий адабиётларда оддий «верификационизм»га нисбатан кескин танқидий муносабат мавжуд бўлиб, Верификацияга илмий билим ривожланишининг мураккаб. зиддиятли жараёни сифатида, бир-бири билан келишмайдиган назариялар ва уларнинг тажрибада олинган маълумотлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар натижаси сифатида қаралмоқда.