ТРИПАНОСОМАЛАР (Tripanosoma) — кинетобластидлар туркумига мансуб паразит хивчинлилар уруғи. Уз. 15—40 мкм. Гавдаси дуксимон, ядроси битта. Хивчини танасининг кейинги қисмида жойлашган базал таначадан бошланиб, танаси бўйлаб ўтган ва юпқа мембрана ёрдамида пелликула қобиқ билан туташган. 10 дан ортиқ тури бор. Бўйига бўлиниш орқали жинссиз кўпаяди. Умуртқали ҳайвонларнинг қони, орқа мия суюклиги ва б. тўқималарида паразитлик қилади. Осмотик озиқланади. Айрим турлари қонга эритроцитларни емирувчи токсинлар ажратади. Трипаносомалар ҳашаротлар (цеце пашшаси, сўналар), каналар ва б. ташувчилар орқали юқади. Одамда оғир уйқу ва чагас, уй ҳайвонларида «сув оғриқ» (от, туя, фил, кучук) ва нагана (қорамоллар), куйиқиш (от) касалликларини тарқатади.