ТРОЯ ОТИ — юнон ривоятларига кўра, ёғочдан ишланган улкан от; унинг ичига яшириниб олган юнонларнинг сара аскарлари Трояга кирганлар (қ. Троя уруши). Трояликлар юнонларнинг бу ҳийласидан ғафлатда қолишган ва шаҳар девори оддида турган отни шаҳарга олиб киришган. Тунда юнонлар отнинг ичидан чиқиб қалъа дарвозасини очганлар ва қолган қўшинни шаҳарга киришига имкон берганлар. «Троя оти» ибораси мажозий маъно (душманни ҳалок этиш мақсадида унга туҳфа бериш) касб этган.