ВИДЕОМАГНИТОФОН (видео… ва магнитофон) — тасвир ва товушларнинг юқори сифатли электр сигналларини магнит лента (диск)га ёзиб олиб, уни қайта кўрсатиш ва эшиттиришга имкон берадиган аппарат. Биринчи Видеомагнитофон 1950-й. лар охирида АҚШда кейин бош-қа мамлакатларда яратилди. Магнит лентали Видеомагнитофоннинг асосий қисми айланувчи видеоканалларни созлайдиган тюнер ва лента тортувчи механизм, сигналларни ёзиб олиш — қайта эшиттириш каналлари, лента ўрашни ва видеокаллакнинг айланиш частотасини ростловчи тизимлардан, бошқариш бловдан иборат. Видеомагнитофон ишлатилишига кўра рўзғорда ишлатиладиган, профессионал ва махсус хилларга, бир жойга ўрнатиладиган ва бир жойдан иккинчи жойга олиб бориладиган хилларга, рангли ва оқ-қора тасвирда кўрсатадиган хилларга бўлинади. Ёзиб олиш вақтида тасвир ва товушларнинг электромагнит сигналлари телевизион приёмникдан (ёки бошқа қурилмалардан) Видеомагнитофонга келади ва магнит лентага (дискка) ёзиб олинади. Қайта кўрсатишда магнит лента (диск) дан тасвир ва товушларнинг электромагнит сигналлари телевизион приёмникка (қабул қилгичга) келади ва телеэкранда тасвир (товуш билан биргаликда) ҳосил бўлади. Видеомагнитофонда кадрни вақтинча тўхтатиб турадиган курилмаси бор. В. да ранг берувчи сигналларга ишлов беришнинг 3 та тизими (системаси) бор: СЕКАМ, ПАЛ ва НТСЦ. Бир тизимдан бошқасига ўтказиш учун уларнинг микросхемалари ўзгартирилади ёки телевизорга ўрнатилган декодер ёрдамида амалга оширилади. Замонавий Видеомагнитофон ларга рангли тасвирларни ва товушни рақамли ёзиб олиш ва қайта кўрсатиш тадбиқ этилган. Бу билан тасвир ва товуш сифати бир меча мартага яхшиланди ва Видеомагнитофоннинг ўзи ихчамлаштирилди. Видеомагнитофон телевидениеда, и. т. да, тиббиётда, спортда, ўқув машғулотлари ва б. да қўлланилади.