ВИЛЛЕМИТ (Нидерландия қироли Вильгельм I номидан) — оролсимон силикатлар кенжа синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи Zn2 (Si О4). Кўшимчалари Mn, Ca, Mq. Сингонияси тригонал. Рангсиз, яшилсимон ёки сарғиш-қўнғир. Ультрабинафша ва катод нурларида люминесценцияланади. Ялтираши шишасимон, ёғсимон, смоласимон. Призматик ва баъзан игнасимон кристаллар. Одатда, донадор ёки радиал шуъласимон агрегатлар. Каттиклиги 5—6. С. оғ. 3,8—4. Кўрғошин-рухли конларнинг оксидланиш зонасида, шунингдек баъзи бир контакт-метасоматик конларда ҳосил бўлади. Рух олинадиган руда. Ранги тиниқ турлари қимматбаҳо тош ҳисобланади. АҚШ, Замбия, РФ (Шарқий Забайкалье, Приморье), Украинада, Ўрта Осиёда, жумладан Ўзбекистонда (Қурама тизмаларида), Қирғизистонда (Кумуштов) топилган.