ВИХУХОЛЛАР (Desmana) — ҳашаротхўр сут эмизувчилар туркумининг бир уруғи. Вихухоллар оиласига киради. Вихухоль (Desmana moschata) Волга, Дон ва Урал дарёларида тарқалган. Тузилиши сувда яшашга мослашган. Бўйи 20 — 22, думи 18—20 см ча, ҳашаротхўр сут эмизувчиларнинг энг каттаси. Тумшуғи учида узун хартумчаси, орқа оёқ панжалари орасида сузгич пардаси бор. Думи тангачалар билан қопланган, думи остида ёғсимон ҳидли модда — мушк (мускус) ажратадиган безлар бор. Бу модда билан Вихухоллар жунуни мойлайди. Мўйнаси ипакдек майин ва силлиқ, усти тўқ жигарранг, ости кумушдек оқ. Вихухоллар уясини қирғоқларга қуради. Баҳорда урчийди. Ҳомиладорлик даври 50 кун, 1—5 та бола туғади. Боласи бир ёшда вояга етади. Вихухоллар сув ҳашаротлари, зулук, моллюска ва майда балиқлар билан овқатланади. Йилига икки марта (ёз ва қишда) туллайди. Вихухолнинг иккинчи тури Galemus уруғига мансуб бўлиб, битта тур Пиренеи Вихухоллар — D. pyrenaicus Пиренеи ярим оролидаги тоғ дарёларида яшайди, сони жуда камайиб кетган. Иккала тури ҳам Халқаро Қизил китобга киритилган.