ВОЖИБ (араб. — мажбурият, бурч) ислом шариати тушунчаси. Мусулмонлар Аллоҳ ва Муҳаммад (ас) амрларигина эмас, якка ҳукмдор (халифа, подшо, амир, хон) лар фармойишини ҳам бажариши мажбурий эканлигини англатади. Мажбурийлик нуқтаи назаридан Вожиб фарздан кейин, суннат талабларидан олдин туради. Исломда Вожибни инкор этиш оғир гуноҳ ҳисобланса-да, кофирликка нисбат берилмайди. «Подшоҳнинг амри вожиб» деган тушунча Қуръонда бор. Суннийликда Вожибга шариат тушунчалари бўйича фарз билан суннат орасидан жой бериш — ҳанафия мазҳабидагина эътироф этилган. Бошқа уч мазҳабда Вожиб алоҳида тушунча сифатида қабул қилинмаган. Уларда фарздан кейин бевосита суннатга ўрин берилган. Вожибни эса улар фарзга қўшиб юборишган. Бинобарин улар ҳанафия мазҳабидаги Вожибларни фарз ҳисоблайдилар. Мас., беш вақт намоз, рўза, закот, ҳажни ҳанафийлар фарз деса, улар фарз ҳам, Вожиб ҳам деб атайверадилар.
Абдулазиз Мансур.