ИСЛОМ (араб. — бўйсуниш, итоат этиш, ўзини Аллоҳ иродасига топшириш) — жаҳонда кенг тарқалган уч диндан (буддизм ва христианлик билан бир қаторда) бири. Ислом динига эътиқод қилувчилар арабча «муслим» («садоқатли»; кўплиги «муслимун») деб аталади. «Муслим», «муслимун» сўзининг бошқа халқлар орасида ўзгача талаффуз этиш (мас, форсларда — мусалмон, ўзбекларда — мусулмон, қирғиз ва қозоқларда — мусурмон, Украина ва Россияда — басурман) натижасида бу динга эътиқод қилувчилар турли ном билан аталади. Лекин буларнинг ичида ҳозир мусулмон ибораси кенг тapqалган.
Жаҳонда қарийб 1,2 млрд. киши Исломга эътиқод қилади. Мусулмонларнинг 2/3 қисмидан кўпроғи Осиёда яшайди ва бу қитъа аҳолисининг 20% идан ортиқроғини ташкил этади. Қарийб 30% мусулмонлар Африкага тўғри келади (қитъа аҳолисининг деярли ярми). Дунёда мусулмон жамоалари мавжуд бўлган 120 дан ортиқ мамлакатдан 40 дан зиёдида мусулмонлар аҳолининг кўпчилигини ташкил қилади — Шим. Африка, Ғарбий Осиёнинг барча мамлакатларида (Кипр, Ливан, Исроил мустасно), Сенегал, Гамбия, Нигер, Сомали, Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Индонезия ва б. баъзи мамлакатларда аҳолининг 80% дан ортиғи мусулмонлардир; бир қанча мамлакатларда мусулмонлар аҳолининг ярмидан 80% игача ташкил қилади (Гвинея, Мали, Ливан, Чад, Судан). Малайзия ва Нигерияда карийб ярми, баъзи бир мамлакатлар (Гвинея-Бисау, Камерун, Буркинафасо, Сьерра-Леоне ва б.) да мусулмонлар озчиликни ташкил қилса ҳам, таъсир доираси кучли. Мусулмонларнинг сони жиҳатдан энг йирик давлатлар — Индонезия, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш; мусулмонларнинг анчаси Марказий Осиё мамлакатлари, Хитой, Таиланд, Эфиопия, Танзания, Кипрда, Европанинг айрим мамлакатлари (Югославия, Албания, Буюк Британия, ГФР, Франция ва б.), Шим. ва Жан. Америка қитъаси мамлакатлари (АҚШ, Канада, Аргентина, Бразилия, Гайана, Суринам, Тринидад ва Тобаго)да, Австралияда, Фижи оролларида яшайди.
Ислом 7-а. да Ҳижоз (Ғарбий Арабистон) да пайдо бўлди. Унинг асосчиси Муҳаммад (ас)дир. Ислом динининг пайдо бўлиши хусусида Ислом манбаларига асосланган диний анъанада у илоҳий ҳодиса, инсонларни тўғри йўлга солиш учун Аллоҳ томонидан юборилган охирги таълимот деб уқтирилади. Ислом талқинида дастлаб яҳудий ва христианлар ҳам айнан мусулмонлар эътиқод қилган худога ишонганлар. Шу худо, яъни Аллоҳ одамларга пайғамбар-элчилар юборган. Аммо инсонлар пайғамбарлар таълимотини бузганлар. Шунинг учун Аллоҳ инсонларга охирги расул этиб Муҳаммад (сав)ни танлади, унга ўзининг каломи — Қуръоннн нозил қилди. Муҳаммад (сав) олдин ўз ҳамшаҳарларини, сўнг барча арабларни кўплаб қабила худоларига сиғинишдан воз кечиш ва ягона худо — Аллоҳга эътиқод қилиш, солиҳ ҳаёт кечириш, у дунёда жаннатга тушиш учун бу дунёда эзгу ишлар қилишга даъват этди. Қуръонга кўра, араблар ва яҳудийларнинг умумий бобокалони Иброҳим Аллоҳга биринчи бўлиб имон келтирган. Демак, Ислом батамом янги эътиқод эмас, балки Иброҳимнинг қайта тикланган динидир.
Ислом дини тарихини ўрганишда ўша даврдаги ижтимоий, иқтисодий ва маданий омилларни ҳисобга олиш керак. Ислом дини вужудга келган даврда Арабистон я. о. да Макка ва Ясриб (Мадина) каби шаҳар-давлат (полис)лар бошқаларга нисбатан муайян устунликка эга эдилар. Бу шаҳарлар халқаро савдонинг энг йирик марказларидан бўлиб, иқтисодий ҳаёт жўшқин тус олганди. Шаҳар-давлатнинг келажак тараққиёти учун полис тузуми торлик қила бошлаган. Ҳижоз (Макка, Ясриб, Хайбар, Думат ал-Жандал, Тайма ва б.) ва умуман Арабистонни халқаро савдони барқарор қиладиган, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қодир ҳарбий кучга эга бўлган ягона салтанатга айлантириш давр талаби бўлиб қолган эди. Салтанат тузиш билан бир каторда Арабистон я. о. даги қабилаларнинг этник ва маданий жиҳатдан бирлашуви, ягона араб тили, оғзаки ва ёзма адабиёт, умумий фикрлашнинг шаклланиши ва ниҳоят, арабларнинг диний тафаккурида ўзгариш жараёнлари кечаётган эди. Бундай ҳаракатни бошқарган кишилар ўз фаолиятларини илоҳий илҳом билан асослай олган ҳолдагина муваффақиятга эриша оларди. Шундай қилиб, Муҳаммаднинг диний ва сиёсий фаолияти юқоридаги жараёнларнинг хусусий кўриниши бўлган. Муҳаммад (сав) ҳар томонлама баркамол инсон бўлгани учун, унинг шахсий фазилатлари туфайли яҳудийхристиан мазҳабларига яқин ғоя билан яшовчи махаллий ҳижозликлар ҳаракати ўзига хос хусусиятлар касб этди, диний ва сиёсий кучга эга бўлди; бу куч И. нинг вужудга келишини энг муҳим тарихий воқеалардан бирига айлантирди.
Муҳаммад 610 й., 40 ёшида ўзининг диний фаолиятини бошлади ва ваҳий (илоҳий кўрсатма) олаётганини эълон қилди. Аммо, бир неча нуфузли яқин қариндошларини ҳисобга олмаганда, Макканинг кўпчилик аҳолиси, айниқса, қурайш қабиласининг зодагонлари унинг тарғиботларига очиқдан-очиқ қарши чиқдилар. Муҳаммад ўзга ерларда тарафдорлар излашга мажбур бўлди. Дастлаб бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистонга кўчди, сўнг Макка зодагонлари билан маълум даврдан буён рақобатлашиб келаётган Ясрибдаги бану Авс ва бану Хазраж қабилаларининг вакиллари 622 й. мусулмон жамоасини ўзига қабул қилиш, Муҳаммадни умумий раҳнамо сифатида тан олишга рози бўлишди. Ясриб шаҳридаги мавжуд этник вазият ҳам шуни тақозо этганди. Ҳижра номини олган бу воқеа Ислом тарихида бурилиш ясади. Кўчиб ўтган кишилар мухожирлар (кўчиб келганлар), Мадинада Исломни қабул қилганлар ансорлар (тарафдорлар) деб аталдилар. Мадина ва Макка ўртасида бошланган кураш 8 й. давом этди (қ. Бадр жанги, Ухуд жанги, Хандақ жанги ва б.). 628 й. Макка зодагонлари Муҳаммад б-н келишишга мажбур бўлдилар (қ. Ҳудайбия сулҳи). 630 й. мусулмонлар кўшини ҳеч қандай қаршиликсиз Маккага кириб борди. Макка аҳолиси ёппасига Ислом динини қабул қилди ва Муҳаммад (сав)ни Аллоҳнинг элчиси (расули) деб эътироф этди. Ана шундан бошлаб Макка Ислом дини марказига, Каъба мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳига айланган. Муҳаммад (сав) вафот этган 632 й. да Арабистон я. о. тўла бирлаштирилган, унинг аксарият аҳолиси Ислом динини қабул қилган эди. Арабистоннинг сиёсий, иқтисодий, этник ва маданий жиҳатлардан бирлашишида Ислом дини муҳим омил бўлиб хизмат қилди ва келажакда вужудга келган мусулмон оламининг мафкурасига айланди.
Муҳаммад (сав) вафотидан сўнг Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб пайғамбарнинг ўринбосари (халифа) сифатида ҳукмронлик қилдилар. Улар ва улардан кейинги халифалар 7—8-а. ларда Ироқ, Фаластин, Сурия, Эрон, Мовароуннаҳр, Миср, Шим. Африка, Пиреней я. о., Шим. Ҳиндистонни эгалладилар. Бир асрдан камроқ вақт давомида Шим. Хитойдан Испаниягача, Кавказ ортидан Ҳинд океанигача бўлган катта ҳудудни забт этдилар ва Ислом динини ёйдилар (қ. Араб халифалиги).
Исломнинг муқаддас китоби Қуръондир. Мусулмончиликда бу китобнинг бутун мазмуни Аллоҳнинг ваҳий қилинган сўзи деб тушунилади. Исломнинг ақидалари, эътиқод талаблари, ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрлари, чеклаш ва тақиклари Қуръон б-н бирга унинг тафсирларида, ҳадис тўпламлари ва шариат қўлланмаларида, шунингдек, 8—12-а. ларда вужудга келган илоҳиёт адабиётларида ўз ифодасини топган.
Исломнинг асосий ақидаси — «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг расули». И. илоҳиётининг илк шакли — калом бўлиб, 8-а. да араб халифалигида вужудга келган. Мутакаллимлар И. дини ақидаларини ишлаб чиққанлар.
Ислом дини 5 «асос» ёки «устун» (аркон ад-дин ал-исломий)га эга:
1) калима келтириш;
2) намоз ўқиш;
3) рўза тутиш;
4) закот бериш;
5) имконият топилса ҳаж қилиш. Шулардан биринчиси имон ва қолганлари ибодат деб эътироф этилган. Имон 7 ақидани — Аллоҳга, унинг фаришталарига, муқад-дас китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, тақдир (яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг иродаси билан бўлиши)га ва ўлгандан кейин тирилишга ишонишни ўз ичига олади. Исломда хатна, рўза ҳайити, қурбонлик ва қурбон ҳайити, ақиқа, мавлид, худойи, ашуро каби ўзига хос диний маросимчилик таркиб топган. Бундан ташқари, маҳаллий халқларда Ислом гача мавжуд бўлган урфодатлар, жумладан, фол очириш, дам солдириш, азиз-авлиёларга, муқаддас жойларга сиғиниш ҳам Ислом маросимчилигига мослашиб кетган.
Исломда илк даврдан пайдо бўлган энг биринчи йирик муаммо — олий ҳокимиятни эгаллашга пайғамбардан кейин ким ҳақлироқ, деган масала бўлди. Али тарафдорлари «шиа» номини олиб, Исломда биринчи бўлинишни бошлаб бердилар. Учинчи халифа Усмон айнан шу бўлинишнинг қурбони сифатида жон таслим қилди. Икки тараф — суннийлик ва шиалик ўртасидаги кураш асносида хорижийлар деб аталган учинчи йўналиш ҳам пайдо бўлди. Aммo И. тарихи узра суннийлик асосий йўналиш бўлиб келди. Ўрта асрларда ҳукмронлик қилган аббосийлар, салжуқийлар, айюбийлар, мамлуклар, усмонли турклар, темурийлар сулолалари суннийликда эдилар. Ҳоз. кунда ҳам суннийлар мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги (93%)ни ташкил этади. Бирдан-бир давлат — Эронда шиалик расмий диний йўналиш сифатида қабул қилинган. Ироқ, Ливан, Шим. Яман, Озар-байжон ва Афғонистонда шиаларнинг йирик жамоалари мавжуд. Уммон ва Шим. Африкада хорижийларнинг баъ-зи тоифалари сакланиб қолган. Мусулмон ҳуқуқшунослиги — фиқҳда 4 сунний (ҳанафийлик, шофиъийлик, моликийлик, ҳанбалийлик) ва 1 шиа (жаьфарийлик) мазҳаблари шаклланган. Мазҳаблар диний фирқалардан фарқ қилади. Фирқалар, асосан, географик ва иқлимий омиллар ҳамда Исломни қабул қилган халқларнинг олдинги маданияти, анъаналари ва диний тасаввурлари таъсирида вужудга келган. Уларнинг аксарияти шиа йўналишига мансуб бўлиб, энг йириклари — имомийлар, исмоилийлар ва зайдийлардир. Исломда илк даврлардан шариат (барча тўла риоя кдпиши керак бўлган қонунчилик) билан тариқат (фақат айримлар Аллоҳ. хайрихохлигига муяссар бўлиши мумкинлиги) ёнма-ён ривожланиб келган. Тариқат асосчилари — муршидларнинг «валинеъмати» асрлар оша ҳоз. авлодгача етиб келади, деган тушунча бор. 8—9-а. ларда Исломда динийфалсафий оқим — тасаввуф пайдо бўлди. Шарқда энг машҳур бўлган тасаввуф тариқатлари — нақшбандийлик, қодирийлар, шозилийларпмр.
Ислом динининг муҳим хусусиятларидан бири — уни қабул қилган халқлар вакиллари учун Ислом ақидаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш имкониятини берганидадир. У ўзига хос 3 тараққиёт босқичи ёки даврни ўтади. Биринчисини, шартли равишда, Қуръон даври деб аташ мумкин. Қуръони каримда ўз аксини топган Арабистон аҳолисининг диний онги даражасини ифода этувчи диний-сиёсий ва ижтимоий қарашлар, ҳуқуқий ва ахлоқий мезонлар бутун мусулмон олами учун хрзиргача шак-шубҳасиз умумий қадрият ҳисобланади. Деярли 4 а. давом этган иккинчи давр Исломда умумисломий аҳкомлар ҳукмронлиги остида турли фикрлар йўл қўйилгани билан ажралиб туради. Ислом даги йўналишлар, мазҳаблар ва фирқалар ана шу даврда пайдо бўлди. Мусулмонларнинг диний бирлиги ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо бўлиб қолди . 10—11-а. ларда анъанага содиқ суннийлар билан имомий шиалар, муътазилийлар ҳамда ашъарийлар ўртасида муносабатлар, айниқса, кескинлашиб кетди. Халифа Қодир (991 — 1031) анъанавий Исломни қонун асосида барча учун мажбурий бўлган давлат дини деб қарор топтиришга уриниб кўрди. Шу мақсадда анъанага содиқ илоҳиётчилар имзолаган «Диннинг қодирий рамзи» эълон қилинди. Унда «ҳақ дин» деб эълон қилинган анъанавий диний таълимотнинг асосий қоидалари муфассал баён қилиб берилди, ундан четга чиқиш жазолашга лойиқ эътиқодсизлик деб қаралди. Бироқ бу тадбир ҳам Исломда диний бирлик ўрнатилишига олиб келмади. Ғоявий кураш кейинги асрларда ҳам давом этди. Бу курашда суннийлар илоҳиётчиси Ибн Таймия айниқса ажралиб турди. У илк исломни тиклашга, «ҳақ дин» асосида диний бирликни ўрнатишга астойдил ҳаракат қилди. Ислом даги учинчи тараққиёт босқичи мусулмон дунёси «чекка» ўлкаларининг аҳамияти ва ўрни ортганлиги билан боғлиқдир. Батамом ўзга маданий анъаналарга эга бўлган халқлар мусулмон дунёсининг маънавий ҳаётига қўшилгач, Исломга ўз диний-ахлоқий тасаввурлари, ҳуқуқий меъёрлари ва одатларини олиб кирдилар. Мовароуннаҳр, Эрон, Шим. Африка, Ҳиндистон, Индонезия каби йирик тарихиймаданий минтақаларда Ислом ўзига хос хусусиятлар касб этади.
Исломнинг ривожланишига Мовароуннаҳрда етишиб чиққан алломалар кат-та ҳисса қўшди. Имом Бухорий китоб ҳолига келтирган ҳадислар тўплами — «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» И. динида Қуръ-они каримдан кейинги иккинчи ман-ба ҳисобланади. Бухорий ва унинг сафдошлари Ислом илоҳиётининг барча йўналишлари бўйича муҳим тадқиқотлар қилдилар. Жумладан, Ислом назариётчилигида юқори баҳоланадиган «Илал ашшариат ва Хатм ул-Аслиёт» рисоласини таълиф этган Ҳаким Термизий, Ислом ҳуқуқшунослигини ўрганишнинг асосий қўлланмаси ҳисобланган «Ҳидоя»нинг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний, Ислом ақидаси асосларини муайян тартибга солган, калом илмида мактаб яратган Имом Мотуридий (қ. Мотуридийлик), буюк фақиҳ Абу Лайс Самарқандий, мусулмон дунёсининг энг эъзозли мухаддисларидан Исо Термизий, қомусий илмлар соҳиби, хусусан, тафсир, ҳадис, шариат қонуншунослигида салмоқли асарлар битган Замахшарий, тасаввуфда ўзига хос из қолдирган Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳдуми Аъзам, Нажмиддин Кубро, Сўфи Оллоёр, Хўжа Аҳрор, Абдухолиқ Ғиждувоний ва б. ни мисол қилиб келтириш мумкин. Улар мусулмон эътиқодини халқ дунёқараши б-н уйғунлаштирганликлари туфайли Ўрта Осиёда маданий ҳаётнинг адабиёт, меъморлик, мусиқа каби соҳаларида тараққиёт юзага келди.
Ислом дини мусулмон мамлакатлари санъатида ўз изини қолдирди. Меъморлик соҳасида бу жараён янги иморат турлари (масжид, минора, хонақоҳ, Мадраса ва б.)нинг пайдо бўлишига ҳамда кенг тарқалишига сабаб бўлди. Ислом дини пайдо бўлган даврда авж олган бутпа-растлик, суратпарастликни олдини олиш мақсадида Муҳаммад (ас) сураткашликни қаттиқ тақиқлаб қўйган эди. Шy асосда Исломнинг йирик мутафаккир ҳуқуқшунослари ҳам тасвирий санъатнинг бу турини тақиқланган ишлар қаторига қўшганлар. Бундан улар амалий санъат турлари, нақш, безак, инсондан бошқа ҳайвон ва ўсимликлар суратини истисно қилишган. Исломда инсон суратини чизиш ёки унинг ҳайкалини ясашнинг тақиқланишига асосий сабаб — пайғамбар ва азиз-авлиёларнинг расмларини чизиб ёки ҳайкалларини ясаб, уларга сиғиниб кетиш хавфининг мавжудлиги бўлган. 15-а. га келиб Алишер Навоий каби тараққийпарвар олим ва мутафаккирлар мусулмонлар қалбида Аллоҳга бўлган имон ва эътиқод мустаҳкамланиб, суратпарастликка мутлақо мойиллик қолмаганини эътиборга олиб, эндиликда инсон суратини чизишга рухсат беришликни лозим деб топганлар. Натижада Беҳзод, Махмуд Музаҳҳибга ўхшаш миниатюра санъатини ривожлантирган етук мусаввирлар етишиб чиққан, Ҳирот миниатюра мактаби, Бухоро миниатюра мактаби кабилар ривожланган. 20—21-а. ларга келиб, Ислом дунёси уламоларининг бу санъатга муносабатларига яна бир карра аниклик киритилди: илоҳийлаштириш ва одамларнинг сиғиниши мақсадида инсон расмини чизиш мумкин эмаслиги эътироф этилди. Аммо, фотосуратлар, шунингдек, ёш болалар учун ясалган одам шаклидаги қўғирчоклар тақиқ доира-сига кирмайди. Уламоларнинг берган фатволарига кўра, мусулмонларга фаҳш ва уят нарсаларни ифода этувчи расмлар, бут, санам ва икона тасвиридан бошқа тасвирий санъат турлари тақиқланмайди. Исломнинг мусиқага муносабати ҳақида Диний мусиқа мақоласига қ.
Мусулмон Шарқи 8 — 11-а. ларда тараққиётда Ғарбдан олдинда эди: ғарб олимлари мусулмон файласуфлари ва табибларидан сабоқолишган; ғарб савдогари Ислом дунёсидаги савдонинг кўламига ҳавас билан қараган; шарқ товарлари ғарбда зеби-зийнат моллари ҳисобланган. Шарқ шаҳарларининг бойлиги ва ҳашамати ғарб учун афсонадек ту-юлган. Буларнинг барчасида асосий мафкура вазифасини бажарган Исломнинг ижобий хизмати буюк, албатта. Аммо 12—13-а. лардан кейин мусулмон дунёси дастлаб турғунлик, сўнг таназзулга юз тута бошлади. Баъзилар консерватив (қотиб қолган) дин сифатида Ислом тараққиётга тўсиқ бўлди, дея унга катта айб қўймоқчи бўладилар. Аслида сўнгги ўрта асрларда юз берган мусулмон дунёсининг тушкунлиги жуда му-раккаб ижтимоий-иқтисодий омиллар б-н боғлиқ бўлиб, ўша даврдаги Исломнинг ўзи ана шу тушкунликнинг муайян шаклидаги ифодаси эди.
19-а. бошидан 20-а. нинг 2-ярмигача ўтган бир ярим асрлик давр Исломнинг ривожланишида муҳим бурилиш босқичи бўлди. Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий тузилишидаги ўзгаришлар янги синф — миллий буржуазиянинг вужудга келиши, миллий озодлик қаракатининг авж олиши — буларнинг ҳаммаси Исломнинг жамиятдаги мавқеига бўлган қарашларда ҳам, ижтимоий ҳаётдаги янгиликларни Ислом нуқтаи назаридан баҳолашда ҳам ўзгаришлар ясади. Ислом динийфалсафий ва ҳуқуқий меъёрларининг янги тарихий шароитга мослашиш жараёни 19-а. ўрталаридан бошланиб, ҳоз. гача давом этмоқда. Бу жараённи кўпгина тадқиқотчилар «Ислом ислоҳотчилиги» деб атайдилар, у христиан реформациясидан тубдан фарқ қилади. Бу тафовут, биринчидан, шундан иборатки, мазкур жараёнлар турли даврларда, турлича муайян тарихий шароитларда рўй берди. Иккинчидан, «Ислом ислоҳотчилиги» дунёвий ҳаётнинг турли жиҳатларини диний нуқтаи назардан қайта баҳолашда намоён бўлди ва соф илоҳиётга доир масалаларга у қадар дахли бўлмади. Учинчидан, Исломда христианларникига ўхшаш черков билан руҳонийларни боғлаб турувчи тизим бўлмаганидан Ислом даги ислоҳотлар хусусиятига жиддий таъсир қилди.
Ўрта асрларда таркиб топган мусулмон судлов тизимида катта ўзгаришлар юз берди. Мусулмон хуқуқи тизимининг ўзи ҳам муайян даражада ўзгарди: шариат судлари ҳуқуқи аста-секин чеклана борди; 19-а. ўрталарига келиб, усмонийлар империяси ҳудудида шариат судлари ва дунёвий судларнинг ваколати бутунлай чегаралаб қўйилди. Бир қанча мамлакатларда шариатда кўзда тутилмайдиган жиноят кодекслари ва б. ҳуқуқий ҳужжатлар жорий қилинди. Мисрда Муҳаммад Алининг ислоҳотлари ва усмонийлар империясидаги танзимат сиёсати (ислоҳотлар) туфайли Исломнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеида муайян ўзгаришлар рўй берди.
Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш талаблари мусулмон илоқиётчилари ва ҳуқуқшуносларини Исломнинг бир қанча анъанавий қоидаларини янгича тал-қин этишга мажбур эта бошлади. Бирок,, бу жараён осон кечмади ва узоққа чўзилиб кетди. Бу, жумладан, мусулмон мамлакатларида банк тизимини яратиш жоизми (ёки гуноқми) деган масала юзасидан бошланган мунозарада ўз аксини топди. 1899 й. муфти Муҳаммад Абду банк омонатлари ва улардан фоиз олиш судхўрликка кирмайди, бинобарин, у ман қилинган рибо ҳисобланмайди, деган фатво чикарди. Бу фатво мавжуд молия тизимини миллий сармоядорлар манфаатига мослаштирди. Мусулмон мамлакатларида тадбиркорликнинг авж олиши шариат қоидаларини хам, мусулмончиликдаги бошқа анъанавий тамойилларни хам янгича талқин қилишга олиб келди. Ижтимоий онг соҳасида рўй берган ўзгариш жуда муҳим роль ўйнади. Бу, аввало, миллий ўзини англаш жараёнига тааллуклидир. Шу жараён давомида Исломнинг барча мусулмонларнинг бирлиги тўғрисидаги анъанавий қоидаси янгича маъно касб этди. Жамолиддин алАфғоний мусулмонларнинг бирдамлиги ғоясини кўтариб чиқди. М. Абду, Ж. Афғоний, Рашид Ризо ва б. нинг ғоялари миллий озодлик ҳаракатларига тур-тки булиб кўпчилик мусулмон давлатларининг сиёсий мустақиллигига эришувида ижобий роль ўйнади. Айни вақтда Ислом бирдамлиги ғоясига асосланган халқаро Ислом ҳаракати шакллана бошлади: 1926 й. биринчи халқаро мусулмон ташкилоти — Ислом олами конг-ресси (Муътамар ал-алам ал-исломи) ташкил қилинди. Шунингдек, Исломнинг гўё Муҳаммад (сав) замонидаги «асл» тамойилларига қайтишга даъват этишга турли фундаменталистик оқимлар (қ. Ваҳоббийлик) ва уларнинг таркибида ўз ғоялари учун курашда террор усулига таянувчи гурухдар, экстремистик тўдалар пайдо бўлди. 20-а. нинг 2-ярмида жамиятда ижтимоий адолат ўрнатиш масаласида ҳам Ислом омилидан фойдаланишга қаратилган уринишлар содир бўлди (Эрон ислом инқилоби, Ливия Жамоҳирияси ва б.).
Бир қатор мамлакатлар (MAP, Kyвайт, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Афғонистон ва ш. к.)да Ислом давлат дини (ёки расмий дин) сифатида тан олинган. Айрим мамлакатларда «Ислом» сўзи давлатнинг расмий номи таркибига киритилган: Эрон Ислом республикаси, Покистон Ислом республикаси, Афгонистон Ислом республикаси, Мавритания Ислом республикаси ва б. Осиё, Африка қитъасидаги баъзи мамлакатларда Исломнинг таркалишига мусулмон партиялари таъсир қилмоқда, улар кўпинча сиёсатда муҳим роль ўйнамоқда. Эрондаги Ислом республикаси партияси, Индонезиядаги Бирлик ва тараққиёт партияси, Малайзиядаги Панмалайзия ислом партияси, Хиндистон ва Покистон Жамоати ислом партияси бунга мисол бўла олади. Бир қанча мамлакатларда диний-сиёсий ташкилотлар (шу жумладан, қонундан ташқаридаги ташкилотлар — «Мусулмон биродарлар», Ислом озодлиги партияси) тарқалган, кўпгина диний билим юртлари (қорилик мактаблари, Мадраса, мусулмон ун-тлари), ислом жамиятлари, миссионерлик ташкилотлари, тижорат корхоналари (ислом банклари, суғурта компаниялари) ишлаб турибди.
Мусулмон суд ишларини олиб бориш тизими сақланиб қолмоқда. 19-а. нинг 70—80-й. ларидаги шариатнинг илгари амалиётда бекор қилинган баъзи бир кридаларини тиклашга уриниб курилди (мас, Покистонда; Суданда президент Ж. Нимейри даврида, араб монархияларида жиноий ишлар учун тан жазолари бериш).
Ўтган аср 70-й. ларининг охири — 80-й. ларининг бошида халқаро ишларда ҳукумат даражасида ёки ноҳукумат даражасида иш олиб борувчи халқаро мусулмон ташкилотлари муайян мав-қега эга була бошлади. Бундай ташкилотлардан энг нуфузлиси Ислом конференцияси ташкилоти (Муназзамат ал-муътамар алисломи) бўлиб, у 1969 й. тузилган, унга 55 мамлакат (Ўзбекистон Республикаси 1996 й. дан) аъзо. Халқаро ноҳукумат мусулмон ташкилотлари орасида Ислом олами уюшмаси, Ислом олами конгресси, Ислом олами ташкилоти, Европа ислом кенгаши, АҚШ Олий ислом кенгаши ва б. ни кўрсатиш мумкин. Улар, асосан, Исломни тарғиб қилиш ва ёйиш, диний арбобларнинг халқаро учрашувини ташкил қилиш, турли мамлакатлардаги Ислом жамоаларига ёрдам бериш билан шуғулланади.
Ислом Туркистон мустамлакачилик даврини бошдан кечирган пайтда, айниқса, шўролар даврида турли таъқиб ва ҳар томонлама чеклашларга дуч келди, уламоларнинг тақдири аянчли бўлди. Исломга оид бебаҳо китоблар йўқотилди, муборак ёдгорлик ва қадамжолар оёқости қилинди, дин пешволари энг хавфли ёв, мухолиф сифатида маҳв этилди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин, Ислом дини ҳаётда муносиб ўрнини эгаллай бошлади. Мусулмонларнинг диний ибодат ва маросимларни адо этишлари учун шароит яратиб берилди. Қуръони карим 2 марта ўзбек тилида чоп этилди (1992, 2001 й. лар), ҳадис тўпламларининг таржимаси, Ислом уламоларининг юзларча китоблари яна халққа етказилди. Ислом тарихи манбалари ва маросимларини ҳар томонлама, илмий, холисона ўрганишга киришилди, мутахассис кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Шу мақсадда Тошкент давлат шарқшунослик интида исломшунослик кафедраси очилди (1992), деярли барча вилоятларда диний ўқув юртлари фаолият кўрсата бошлади, Тошкент Ислом университети ташкил қилинди (1999), унинг тарки-бида Исломшунослик и. т. маркази ишлаб турибди.
Ислом тарихи, манбалари, ақидалари, маросимлари, Қуръони карим, Муҳаммад (сав) ҳаёти ва фаолияти, пайғамбар ҳадисларини ўрганиш, тадқиқ қилиш Ислом шунослик фанининг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу соҳадаги тад-қиқотлар Ислом тарқалган мамлакатларда, хусусан, Мовароуннаҳрда Ислом ва унинг ёзма манбалари пайдо бўлгандан буён олиб борилади. Мусулмон дини тарихи ва Қуръонни ўрганиш Америкада (Г. Грунебаум, X. Гибб, М. Вотт ва б.), Европада (И. Гольдциер, Л. Каэтани, А. Массэ, Р. Шарль), жумладан, Россияда (А. Э. Шмидт, В. В. Бартольд, Ислом Крачковский ва б.) 19-а. ўрталаридан кенг тус олди. Шўролар давридаги тадқиқотларда Исломга, асосан, ягона марксистик мафкура нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндошилди. Исломнинг инсоният тамаддуни тарихидаги аҳамиятини оммага тушунтиришда, Турон заминида етишиб чиқиб исломий илмлар хазинасини бойитган улуғ алломаларнинг меросини халққа етказишда Эшон Бобохон Абдумажидхон ўғли, муфти Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Алихонтўра Соғуний, марҳум шайхлар Исмоил Махдум (1893 — 1976), Абдуғани Абдулло (1928—1999) ва Юсуфхон Шо-киров (1926—2000)ларнинг хизмати каттадир. 20-а. охирларидан бошлаб мамлакатимизда Ислом бўйича объектив тадқиқотлар олиб бориш имконияти туғилди. Ўзбекистонлик олимлар Ислом манбашунослиги, Қуръон таржимаси ва тафсири, Ислом даги мазҳаблар, оқимлар, машҳур муҳаддис ва фақиҳлар, халқаро Ислом ташкилотлари, диний бағрикенглик, диний экстремизмга оид бир қанча асарлар ёздилар (марҳум М. А. Усмонов, шунингдек, Н. Иброҳимов, Ҳ. Кароматов, А. Мансуров, А. Ҳасанов, 3. Ҳусниддинов, 3. Исломов, У. Уватов, Б. Эшонжонов, Б. Абдуҳалимов, А. Жузжоний, А. Мўминов, А. Азимов, Р. Обидов ва б.).
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Мовароуннаҳр» нашриёти фаолият кўрсатади, «Ислом нури» газ., «Ҳидоят» жур. нашр этилади.
Ад.: Каримов И., Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда, Т., 1999; Каримов Ислом, Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, баркамоллик шартлари ва тараққиёт кафолатлари, Т., 1997; Қуръони карим, Т., 2001; Ҳадис (АлЖомиъ ас-саҳиҳ), 1—4-ж. лар (2нашри), Т., 1997; Ҳидоя (1-ж.), Т., 2000; Соғуний А., Тарихи Муҳаммадий (1-2-китоб), Т., 1997; Ҳасанов А., Қадимги Арабистон ва илк ислом (1-китоб: Жоҳилия асри), Т., 2001; Комилов Н., Тасаввуф, Т., 1999; Ҳусниддинов 3., Ислом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар, Т., 2000.