ТУТДОШЛАР (Могасеае) — икки уругпаллали ўсимликлар оиласи. Сут ширали дарахт, бута, баъзан сут ширасиз ўт ўсимликлар. Барглари навбатлашиб ёки қарамақарши жойлашган, бутун, ўйилган ёки қайчибарг, ёнбаргли. Тўпгуллари — кучала, бошоқ, рўваксимон ёки бўш шарсимон. Гуллари айрим жинсли, бир ёки икки уйли. Гулқўрғони оддий одатда, 4 бўлакли. Чангчиси тўртта, уруғчиси битта. Меваси данаксимон ёки ёнғоқча, бирлашиб этли тўпмева ҳосил қилади. Тутдошларга 53 туркум ва 1400 га яқин тур киради. Асосан, тропик ва субтропик мамлакатларда, қисман ўрта минтақада тарқалган.
Тутдошларнинг энг йирик туркумларидан бири фикус (Fikus) доим яшил ёки барг тўкадиган дарахт, бута, баъзан ўт ўсимликлари ҳисобланади. 1000 га яқин тури бор. Барги турли шаклда, ёнбаргли, кўпинча тўкилувчан. Фикуслардан анжир (F. carica) узоқ яшовчи дарахт. Барглари оддий, 3—5 бўлакчали, тўкилувчан. Гуллари тўпгулининг ичида ўрнашган. Тутдошларнинг яна бир йирик туркуми тут (Moras) Шим. ярим шарнинг мўътадил минтақаларида тарқалган.
Ўзбекистонда манзарали ўсимлик сифатида экиладиган (асосий ватани Хитой, Япония) меваси анжирга ўхшаш қоғоз дарахти, Шим. Америкада ўсувчи тиканли дарахт — маклюра, фақат тропик мамлакатларда ўсадиган меваси ажойиб нон дарахти, Малайя архипелагида тарқалган сут шираси ғоят заҳарли салобатли дарахт — заққум ҳам Тутдошларга мансуб.