ВОЛЛАСТОНИТ [инглиз кимёгари У. X. Волластон (1766—1828) номидан] — юқори т-рада ҳосил бўладиган метаморфик минерал. Кимёвий формуласи Ca3(Si3O9). Триклин сингонияли. Кўпинча елпиғич ёки узунчоқ ва тола ҳолидаги кристаллар. Ранги оқ, кулранг ёки қизғиш тусли. Садафсимон ялтироқ. Қаттиқлиги 4,5—5; с. of. 2,8—2,9. В. Марказий Осиёдаги гранит интрузияларининг оҳактошлар билан туташган жойида ҳосил бўлган. Табиатда пироксен, гранат, амфибол, кальцит ва кварц билан бирга учрайди. Волластонит юқори кучланишларга бардош бера оладиган электр иссиқлик изоляторлари, кошинлар, ғишт, минерал пахта, махсус фильтрлар и. ч. да қўлланилади. Ғарбий Ўзбекистоннинг ЗирабулоқЗиёвуддин, Нурота, Қоратепа ҳамда Чатқол, Ҳисор ва Қурама тоғларида кўп учрайди. Ўзбекистонда Волластонитнинг 40 дан ортиқ йирик конлари топилган.