ТУЯБЎҒИЗТЕПА — илк ўрта асрларга мансуб дахмали тепаликлар (мил. 5 — 8-а. лар). Туябўғиз сув омбори (Тошкент денгизи)нинг шим. ғарбий қирғоғи яқинида, Ўртабоз деган жойда жойлашган. 1959—61й. ларда (Т. Аъзамхўжаев) ўрганилган. Дахмалар тепалик кўринишида, бўйи 2 м, диаметри 15 — 20 м бўлган. Баъзи дахмалар катакомбали иншоотлар бўлиб, 2,6×2 м ли хоналарга ажратилган. Меҳнат қуроллари, сопол идишлар, темир пичоқ, танга, маржон, чиғаноқлар чиққан. Баъзи дахмалардан науслар очилган. Улардан тартибсиз суратда қўйилган, цилиндр шаклидаги оссуарий ва скелетлар топилган.