ТУҚСОБА, тўқсабо (эски ўзбекча — ўз туғига эга бўлган) — ҳарбий қисм саркардаси, туқсабоши.
1) 16—19-а. ларда Бухоро амирлигида эшикоқо боши, чиғатой беги сингари мансаблардан кейинги, мирохурдан олдинги рутба ҳисобланиб, унинг эгаси амир саройига отда кириш, лекин ҳукмдор қабулида ўтириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсни англатган. Бу мансабдор идишларга овқат сузиш, косаларга ичимлик, қатиқ, муздек сув ва ҳ. к. қуйиш, уларни хизматкорлар орқали машварат ёки кенгаш аҳлига етказишга масъул ҳисобланган. У, шунингдек, Ҳарқонруд туманини ва у ерда сув тақсимотини бошқарган;
2) Амир томонидан катта қалъа ва қўрғонлардаги ҳарбий гарнизонни бошқариш учун тайинланган ҳарбий мансабдор. Қўқон ва Хива хонлигида Туқсоба, асосан, бир полкдан ташкил топган ҳарбий қисм қўмондони. Рутба жиҳатдан чор ҳукумати армиясининг полковник унвонига тенг келган.