ВОСЕ ҚЎЗҒОЛОНИ (1887-1888) – Бухоро амирлиги ҳудудида бўлиб ўтган халқ қўзғолони. 19-а. нинг 70-й. ларигача Кўлоб, Қоратегин, Дарвоз, Вохон, Рўшон, Шуғнон вилоятлари ярим мустақил мулк (шоҳлик, беклик)лар эди. 70—80-й. ларда чор мустамлакачи маъмурлари ёрдамида мазкур вилоятлар ва мулклар амирлик ҳудудига қўшиб олинди. Шу муносабат билан бу бой тоғли ўлкани солиқ ва б. баҳоналар билан талон-тарож қилиш бошланди. Бунинг устига 1881 й. дан бошлаб Афғонистон томондан чигирткалар ёпирилиб, экинларни нобуд этди. Чигирткага қарши амир ва мустамлакачи маъмурлар ҳеч қандай тадбиру чора кўрмадилар. 1885 й. экинлар ҳосил берганда амир омиллари келиб, қурғоқчилик йиллари (1881—84) учун ҳам хирож талаб қилди. Шу талаб халқнинг тўлиб турган сабр косасини тошириб юборди. Халқ қўзғадди. Унга Ховалинг амлокдорлигида яшайдиган Абдулвосе деган деҳқон йигит бошчилик қилди. Сариҳисор, Махдумдор, Зувоили, Қизилмозор қишлоқларидан минг нафарга яқин қўзғолончи келиб қўшилди. Восе бошчилигидаги қўзғолончилар Қизилсув дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган Балжувон тоғ қалъаси томон юрдилар. Бек ҳузурига элчи жўнатдилар. Лекин элчилар ўлимга маҳкум этилди. Бек сарбозлари қўзғолончиларга қарата ўт очдилар. Икки ўртадаги қонли жангда қўзғолончиларнинг қўли баланд келди. Бек ўз одамлари билан Конгурт қалъасига чекинди. Восе Балжувонни эгаллади ва маҳбусларни озод этди. Балжувон бегига Кўлоб, Ҳисор ва Бухородан ёрдам келди ва у Балжувонни қўзғолончилар қўлидан қайтариб олишга муваффақ бўлди. Восе қўзғолончилари сафи янада кенгайди ва Балжувон яна эгалланди. Шу орада Ҳисор беги Остонақул қушбеги Кўлоб, Қоратегин сарбозлари б-н етиб келди. Нурек яқинидаги жангда Восе бошлиқ қўзғолончилар енгилди. Восе Ховалинг қалъаси томон чекинади. Унга эргашган қўзғолончиларни сарбозлар таъқиб этиб, қирғин уюштирадилар. Балжувон беги қўлга тушган 40 нафар қўзғолон раҳбарини қалъа олдида қатл эттиради. Восе Ховалинг туманида бир шўробдаралик таниши уйига беркинади. Уй эгаси сотқинлик қилиб, Восени бекка тутиб беради. Балжувон беги Абдулқодир уни 130 нафар асирлар билан бирга Остонақул қушбегига топширади. Восе ва б. қўзғолон раҳбарларини Шаҳрисабзгача, Амир Абдулаҳад қароргоҳи-гача сазойи қилиб пиёда ҳайдаб борадилар. Амир уни Оқсарой олдида дорга остиради. Бошқа бир гувоҳликка кўра амир Восени ўз қабулига киритган. Восенинг аччиқ сўзларига чидай олмаган амир ёнидаги қўриқчиларига «Чоп!» деб буюрган. Бир сарбоз Восенинг бошига қилич урган. Баъзи манбаларда Восенинг Юсуф, Оллоёр, Кулух мирохўр, Азим, Ризо каби жанговар дўстлари бўлгани, қўзғолончилар сафида аёллар ҳам иштирок этгани, мас., Сайда исмли қиз отаси билан бирга сарбозларга қарши жанг қилгани айтилади. Восе ўлдирилгач, Ҳасан, Давлат деган ўғиллари қўзғолонни яна давом эттирдилар. Лекин, мустамлакачи маъмурлар улардан шафқатсизларча ўч олдилар. Халқ қаҳрамони Восе ҳақида достон, қўшиқлар тўқилган. Абдурауф Фитрат «Восе исёни» (1931) драмасини, Ғани Абдулло «Восе» (1937) мусиқали драмасини, Мирзо Турсунзода «Восе қўзғолони» операси либреттосини (1939), Сотим Улуғзода «Восе» драмаси ва романини ёзган.
Наим Норқулов.