ВРАЧ НАЗОРАТИ (жисмоний тарбия ва спортда) — жисмоний тарбия ва спорт б-н шуғулланмоқчи бўлганларни саралаш, бажарилаётган машқларинг улар организмига таъсирини (ижобий, салбий) ўрганиш мақсадида ўтказиладиган тиббий назорат; спорт тиббиётининг асосий қисми. Врач назоратининг асосий вазифалари: жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоқчи бўлганларнинг саломатлиги, функционал ҳолатини аниқлаш ва олинган натижаларга асосан уларнинг машқлар билан шуғулланиши учун рационал тавсияномалар бериш; жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш жараёнида машқлар таъсирида жисмоний ривожланиш, саломатлик, функционал ҳолатда бўлаётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб туриш; машқларни нотўғри бажариш оқибатида келиб чиқадиган патологик ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва даволашдан иборат.
Назорат врачи жисмоний машқлар воситаларини қўллашда врачлик-жисмоний тарбия диспансерларининг ташкилий-методик ишларига раҳбарлик қилади; жисмоний тарбия ва спорт б-н шуғулланмоқчи бўлганлар ёки шуғулланаётганларни тиббий кўрикдан ўтказади; оптимал ҳаракат тартибини кўрсатади; жисмоний тарбия ва спорт бўйича врачлик консультациясини беради; жисмоний тарбия дарслари ва спорт машқлари жараёнида врач-педагог назоратини олиб боради; оммавий спорт тадбирларида тиббий ёрдам кўрсатади. Врач назорати бўйича ташкилий-методик раҳбарликни врачлик-жисмоний тарбия диспансерлари олиб боради.