ТЎҒРИҚАНОТЛИЛАР (Orthoptera) ҳашаротлар синфига мансуб туркум. Танаси узунчоқ, 2 жуфт қаноти яхши ривожланган. Орқа оёқлари сакровчи. Ургочисининг тухум қўйгичи бор. Махсус товуш чиқариш ва эшитиш органлари мавжуд. Тўғриқанотлилар туркуми 2 кенжа туркум: узун мўйловлилар (эдиехидсимонлар, темирчаксимонлар, чирилдоқсимонлар, чирилдоклар катта оилалари) ва калта мўйловлилар (треперстсимонлар, тетригидсимонлар, тимпаналсизлар, пуфаклилар, чигирткалар катта оилалари)га ажратилади. 200000 дан, Ўзбекистонда 350 дан кўпроқ тури маълум. Жан. ҳудудлардаги очиқ ландшафтларда кенг тарқалган. Чала ўзгариш орқали ривожланади. Йилда битта насл беради. Одатда, тухум даврида қишлайди. Кўпчилик турлари ўсимликхўр, баъзи турлари аралаш ёки йиртқич озикланади. Айрим турлари кўп сонли гала ҳосил қилиб, узоқ масофага учиб ўтиши (кўчиши) мумкин. Қ. х. экинларига зарар келтирувчи турлари бор (чигирткалар, бузоқбошилар). Гала бўлиб кўчиб юрувчи турлари (осиё чигирткаси, марокаш чигирткаси) экинлар учун айниқса катта хавф туғдиради. Чўл темирчаги Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.