ХАНДАҚ ЖАНГИ — Муҳаммад (сав) пайғамбар тарафдорлари (300 киши) томонидан Мадинани маккаликлардан ҳимоя қилиш жангларидан (627 й.) бири. Маккаликлар раҳбари Абу Суфён 10 мингга яқин аскари билан Мадинани қамал қилган. Саҳобалардан бири эронлик Салмон алФорсий (655 й. в. э.)нинг маслаҳатига кўра Муҳаммад пайғамбар шу пайтгача арабларга номаълум бўлган, бироқ форсларга маълум бўлган жанг усулларидан бири — хандақ қазишга буюрган. 3 ҳафталик қамалдан сўнг Абу Суфён қўшини чекинишга мажбур бўлган. Бу жанг ислом тарихида Хандақ жанги деб ном олган.