ХАРАСИМОН СУВЎТЛАР (Charophyta, charophyceae) — юксак тузилган сувўтлар гуруҳи. Тузилиши қирқбўғимларга ўхшайди. Бўйи 1 м гача. Танаси бўғимларга бўлинган; «поя» ва «барг»лардан, ҳар бир бўғимда ҳалқа бўлиб жойлашган калта цилиндрсимон шохчалардан иборат. Ҳар бир ҳалқадаги барглардан бирининг барг қўлтиғидан асосий пояга ўхшаган ён «поя» ўсиб чиқади. Танасининг пастки қисми балчиққа ёки қумга ботиб туради. Вегетатив кўпаяди. Харасимон сувўтлар палеозой эрасининг ўрталарида кенг тарқалган, тўрт қабиласи қолган. 3 оила ва 7 туркумга бирлашган 300 тури маълум. Ўзбекистонда нителла, нителлопсис, лампротамниум ва б. турлари тарқалган.
Харасимон сувўтлар с, кўпинча чучук ва шўр сувли ҳавзаларда учрайди. Ўзбекистонда, асосан, кўл, зовур, шолипоя ва қисман дарё, ариқ ва булоқларда харазорларни ҳосил қилади. Бир гектар майдондан 30—330 т тўйимли ва озуқабоп биомасса олинади.