ХАРИУСЛАР (Thymallidae) лососсимон балиқлар туркумининг оиласи. Уз. 25—30 см, вазни 500 г, баъзан ундан ортиқроқ. Танаси қалин тангачалар билан қопланган. Орқа сузгичи узун, кўпинча чиройли рангли. Ён чизиқлари, жағлари ривожланган. Европа, Шим. Осиё ва Шим. Америка дарёларида яшайди. 1 уруғи 6 тури маълум. Ўрта Осиё дарёларида учрамайди. Одатда, туби шагал тошли дарёларда тарқалган. Ҳашаротлар ва улар личинкаси, қисқичбақасимонлар, моллюскалар, майда баликдар билан озикланади. 3 — 4 й. да вояга етади. Май — июнда шағал тошли сув тубига 3—36 минг увилдириқ ташлайди. X. маҳаллий аҳоли томонидан ва спорт мақсадида овланади.