ХАЧАТУРОВ Николай Григорьевич [1907.14(27).6 Тошкент 1989.17.2] — актёр. Ўзбекистон халқ артисти (1966). Фаолиятини Ёш томошабинлар театрида бошлаган (1935—36). 1938 й. дан М. Горький номидаги рус драма театрида ишлаган. X. характерли актёр бўлиб, қаҳрамонларининг энг кичик хислатларини ҳам ўткир штрихларда бериш, кўпроқ сатирага мойил ҳаёт воқеаларини бўрттириб, кулгули тасвирлаш унинг ижодига хос бўлган. Людовико (Лопе де Вега, «Ит пичан емайди, ўзгага ҳам бермайди»), Вурм, Қирол Филипп (Ф. Шиллер, «Макр ва муҳаббат», «Дон Карлос»), Мурзавецкий (А. Островский, «Бўрилар ва қўйлар»), Жевакин (Н. Гоголь, «Уйланиш»), Епиходов (А. Чехов, «Олчазор»), Барон (М. Горький, «Тубанлиқда»), Мамат, Мулладўст (Ҳамза, «Паранжи сирлари», «Майсаранинг иши»), Нурбобо (И. Султон, «Номаълум киши»), Дункан (У. Шекспир, «Макбет»), Дон Кихот ва Сервантес (Д. Вассерман, Д. Дэрион, «Ламанчлик киши»), Консул (Г. Мдивани, «Консулни ўғирлашди») каби роллари билан шуҳрат қозонди.