ЯККАБОҒ ТУМАНИ — Қашқадарё вилоятидаги туман. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Яккабоғ тумани турли йилларда Шаҳрисабз, Чироқчи, Қамаши туманларига қўшилган. Кейин яна ажратилган. Шим. дан Чироқчи, Шаҳрисабз, шарқ, ғарб ва жан. дан Қамаши туманлари билан чегарадош. Майд. 1,3 минг км2. Аҳолиси 190 минг киши (2004). Туманда 1 шаҳар (Яккабоғ), 1 шаҳарча (Эски Яккабоғ), 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Самоқ, Сандал, Хиёбон, Чайдари, Эсат, Ўрта, Қайрағоч, Қишлик, Қўшчинор) бор. Туман маркази — Яккабоғ шаҳри.
Табиати. Яккабоғ тумани Қашқадарё вилоятининг шарқий қисмида жойлашган. Ҳудудининг шарқий чекка қисмларида Ҳисор тизмасининг, бал. 2500 м гача бўлган, жан. ғарбий тармоқлари (Чақчар, Бешнов, Хонтахта) бор. Бу тоғлар ғарбга томон пасайиб, Қашқадарё текисликлари билан қўшилиб кетади. Тоғ этаклари адирлардан иборат. Тоғлардан кўп дарё ва сойлар оқиб тушади. Асосий дарёси — Яккабоғдарё (Қизилдарё) ва унинг ирмоқлари (Чўянлисой, Тирнасой). Иқлими континентал. Янв. нинг ўртача траси—1°, энг паст т-ра —25°. Июлнинг ўртача т-раси 28,5°, энг юқори т-ра 44°. Йиллик ўртача т-ра 15°. Туманнинг ўзига хос рельефи (ғарбга томон пасайиб бориши) ҳудудга баҳорикор деҳқончилик учун етарли нам тушишига шароит яратган. Ўртача йиллик ёғин 350 мм дан (текислик қисмида) 450 мм гача, тоғлик қисмида ёғин кўпроқ. Ёғиннинг асосий қисми (70%) баҳор ва қиш фаслларига тўғри келади. Сув сарфини текислаш мақсадида дарё ва сойларга тўгонлар қуриб сув омборлари барпо этилган. Қорабоғ, Нўғайли, Янгиқўрғон ва бошқалар сув омборлари, Дархон, Бешариқ, Хўжаилғор, Қуржаб ариқлари туманнинг асосий суғориш шохобчаларидир. Суғоришда артезиан қудуқлари сувларидан ҳам фойдаланилади. Тупроқлари, асосан, типик бўз тупроқ, тоғларда қўнғир бўз тупроқ. Ўсимлик дунёси хилмахил. Текисликларда, асосан, чўл эфемер ўсимликлари, шувоқ, янтоқ, шўра, арча, мевали ёввойи дарахтлар (олча, нок, олма, писта, дўлана, бодом ва бошқалар), заранг, қатранғи, зирк, итбурун ва бошқалар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, қуён, қобон, айиқ, қоплон, бўрсиқ, кийик; паррандалардан каклик, бедана, тўрғай, қарға, чумчуқ, қалдирғоч ва бошқалар, кемирувчилардан сичқон, каламуш; судралиб юрувчилардан турли хил заҳарли ва заҳарсиз илонлар, эчкемар, калтакесаклар; сув ҳавзаларида сазан, лақка, маринка балиқлари яшайди. Фойдали қазилмалардан тошкўмир, кумуш, қўрғошин, мис, рух рудалари, нефть бор. «Ҳисор қўриқхонаси» мавжуд.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; шунингдек, тожик, қозоқ, рус ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 146,2 киши. Шаҳар аҳолиси 33,4 минг киши, қишлоқ аҳолиси 156,6 минг киши (2004).
Хўжалиги Яккабоғ туманида жами 2300 дан зиёд корхона, ташкилот ва савдо шохобчаси ишлаб турибди. Пахта тозалаш, ун тортиш, «Шаробконсерва» здлари, Яккабоғ тўқимачилик кти, МТП, қ. х. машиналарини таъмирлаш корхоналари, қ. х. маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, микрофирмалар, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатади. Ўзбекистон—Германия «Яккабоғтекс», Ўзбекистон— Россия «алМаъруф» қўшма корхоналари, ширкат уюшмалари, жамоаширкат, фермер хўжаликлари ва бошқалар бор. Қ. х. да пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, чорвачилик, ипакчилик билан шуғулланилади. Умумий экин майд. 116,2 минг га. Шундан 18,7 минг га дон экинлари билан. банд. Шунингдек, пахта, сабзавот ва картошка, озуқа экинлари ҳам экилади. Тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларида 44,4 мингга яқин қорамол (шу жумладан, 24,4 мингга яқин сигир), 45,9 мингга яқин қўй ва эчки, 44 мингга яқин парранда, 1,5 мингдан зиёд йилқи боқилади (2004). Яккабоғ тумани даги ўрмон хўжаликларида доривор ўсимликлар йиғилади.
2004/05 ўқув йилидаги 107 умумий таълим мактабида 53,8 минг ўқувчи таълим олди. Лицейинтернат, санъат мактаби, 3 касб-ҳунар коллежи (2200 талаба), касб-ҳунар мактаби (400 ўқувчи) мавжуд. 35 жамоат қутубхонаси, 6 клуб муассасаси, маданият ва истироҳат боғи бор. «Нозигул» фольклор дастаси, «Дилнавоз» халқ ансамбли фаолият кўрсатади. Стадион, болалар спорт мактаби мавжуд. 4 санаторий аҳолига хизмат кўрсатади. 4 касалхона, врачлик тиббий пунктлар, поликлиника, 3 амбулатория, туғруқхона мажмуаси ва бошқалар тиббий муассасаларда 337 врач, шунингдек, ўрта тиббий ходимлар ишлайди. Туман ҳудудидан Қарши — Китоб т. й., Катта Ўзбекистон тракти (Тошкент — Термиз) ўтади. Туман маркази (Яккабоғ шаҳри) билан қўшни туманлар ва Қарши шаҳри орасида автобуслар қатнайди.
Латиф Эрдонов.