ЯККАХОН ҚИСҚИЧБАҚАЛАР, зоҳид қисқичбақалар — ўноёқлилар туркумига мансуб денгиз қисқичбақасимонлари оиласи. Уз. 17 см гача. Қорин қисми юмшоқ, қаттиқ хитин қоплағичсиз; қисқичлари ва қорни кўпинча асимметрик тузилган. 450 га яқин тури бор, кўпчилик денгизларда учрайди. Қорни асимметрик. Яккахон қисқичбақалар юмшоқ қорнини қориноёқли моллюскаларнинг бўш қолган чиғаноғига, симметрик қоринли Яккахон қисқичбақалар эса қуракоёқли моллюскаларнинг конуссимон чиғаноғи ичига бекитади. Яккахон қисқичбақалар чиғаноқни ўзи билан олиб юради; хавф туғилганида бутун танаси билан чиғаноқ ичига кириб, йирикроқ қисқичи билан унинг оғзини бекитиб олади (номи шундан). Танаси ўсган сари чиғаноғини бошқа катгароғи билан алмаштиради. Яккахон қисқичбақаларнинг актиниялар ва маржон полиплар ҳамда денгиз ҳалқалилари билан симбиоз яшаши кўп учрайди. Улар Яккахон қисқичбақаларни душманлардан ҳимоя қилади ёки унинг чиғаноғини тозалаб бериши эвазига Яккахон қисқичбақалар топган озиққа шерик бўлишади Яккахон қисқичбақалар сув тубида лойдаги органик қолдиқлар билан ҳам озиқланиши мумкин.