ХИВА МУДОФААСИ — Россия империясининг Ўрта Осиёни истило қилиши даврида шаҳар аҳолисининг кураши. 1872 й. охирларида ҳарбий вазир бошчилигида Петербургда Туркистон, Оренбург генералгубернаторлари ва Кавказдаги подшо ноиблари иштирокидаги махфий кенгашда Хива хонлигинк босиб олишга қарор килинган. Хонлик қўшинида ҳаммаси бўлиб 27 эски замбарак, 2 минг отлиқ аскар, 4 минг навкардан иборат қўшин бўлган. Россия қўшини ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан, шунингдек, ҳарбий техника имконияти, қуроляроғлари билан ҳам Хива хонлиги қўшинидан устун эди. Мазкур ҳарбий операцияга раҳбарлик қилувчи зобитлар, генераллар амалий тажрибаси ҳам хивалик лашкарбошилардан кўп даражада юқори бўлган. Туркистон қўшинларига генерал Кауфман, Оренбург отрядига генерал Верёвкин, Мангқишлоқ отрядига полковник Ломакин қўмондон бўлиб, Орол флотилияси ҳам улар ихтиерига берилган эди. Истилочилар шу йўсинда 3 йўналиш бўйича Хива хонлиги устига бостириб кирган. Император Александр II Хива юришига катта эътибор беради. Кауфман юриш олдидан Хивани сиёсий тарафдан яккалаб қўйиш чораларини кўрган. У Бухоро амири ва Қўқон хонига таҳдидли мактублар йўллаб уларни Хивага ёрдам бермасликка чақирган. Хива хонининг масалани тинч йўл билан ҳал қилишга уринишлари беҳуда кетгач, ҳарбий кенгаш чақириб, мудофаа режаларини тузган ва душманга қарши ўзининг лашкарбошиларини сафарбар қилган. Матмурод девонбеги, Маҳмуд ясовулбоши, Ёқуббек қалмоқ, Элтузар иноқ ва Бобо меҳтар раҳбарлигидаги ўзбек ва туркман йигитлари рус қўшинлари ҳужумини қайтариш учун 2 гуруҳга бўлинганлар. Руслар йўлда учраган ҳар бир шаҳар ва қишлоқни талаб, уйларга ўт қўйиб, қирғин уюштирганлар. Уларнинг кетидан култепалар ва жасадлар қолган. Аммо, Хоразм ватанпарварлари бўш келмай, ўзларига қулай жойлардан душманга ҳужум қилишган. 1873 й. 29 май куни Хива хони ортиқча қон тўкилишини истамай, ўз вакилларини фон Кауфман ҳузурига жўнатган, аммо, генерал хоннинг таклифини оқибатсиз қолдириб ҳужумга киришган.
Афсуски, шундай қалтис бир пайтда хоннинг оиласи ва яқин қариндошлари душманга қарши якдил бўлиш ўрнига, сулолавий низоларга берилиб кетишган. 1873 й. 29 майда Хива ишғол килинган. Хон саройидаги олий ҳукмдорларнинг тахти, бебаҳо олтинкумуш буюмлари, турлитуман қимматли матолар ва нодир қўлёзма асарлар Петербургга, подшоҳ саройига ўлжа сифатида олиб кетилган. Ўлжа олинган беҳисоб бойликлар генераллар, зобитлар ва аскарлар ўртасида тақсимлаб олинган.
Ад..Ўзбекистоннингянгитарихи, 1ж. [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000.