ЯНА-ИНДИГИРКА ПАСТТЕКИСЛИГИ — Лаптевлар ва Шарқий Сибирь денгизлари соҳилидаги пасттекислик. Ғарбда Омолой дарёси водийсидан шарқда Индигирка дарёсигача 700 км дан ортиқ масофага чўзилган. Энг сербар жойи 300 км. Кўпчилик жойларда бал. 100 м (айрим қолдиқ қирларнинг бал. 350—500 м). Ғовак денгиз ва қуруқлик ётқизиқлари ҳамда қалин музлар билан қопланган. Каттагина қисмида тундра ўсимликлари ўсади. Яна-Индигирка Пасттекислиги кучли ботқоқлашган. Термокарст кўл кўп.