ЯНГИОБОД ТУМАНИ — Жиззах вилоятидаги туман. 1999 йил 30 апр. да ташкил қилинган. Ғарбдан Зомин тумани, жан., шарқ, шим. дан Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майд. 0,72 минг км2. Аҳолиси 22,7 минг киши (2005). Туманда 5 қишлоқ фуқаролари йиғини (Ховос, Сармич, Хўжамушкент, Сават, Хавотоғ) мавжуд. Маркази — Баландчақир қишлоғи.
Табиати. Туманнинг шим. қисми пасттекислик, жан. қисми қирадир ва тоғлардан иборат. Ер юзаси жан. га томон кўтарилиб боради. Иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ, қиши совуқроқ. Янв. нинг ўртача т-раси — 3°, июлники 28°. Йилига 350 — 360 мм ёғин тушади. Текислик ва қирларда бўзқўнғир тупроқлар, жан. шарқида чақиртош, қумтош билан қопланган тепаликлар учрайди.
Туман ҳудуди, асосан, ўрқирдан иборат. Ёввойи ўсимликлардан шўра, янтоқ, шувоқ, коврак, исмалоқ, ялпиз, қоқи, лолақизғалдоқ, лола, чучмома ва бошқалар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, тулки, чиябўри, жайра, типратикан, қуён; қушлардан бургут, булбул, зоғча ва бошқалар яшайди. Янгиобод туманининг жан. қисмидаги қишлоқларда булоқ сувлари чиқиб туради. Хўжамушкент ва Сармич сув омборлари бор. Экинзорлар Мирзачўл каналидан (насослар ёрдамида) суғорилади.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, татар, рус ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳоли зичлиги 1 км2 га 32,1 киши.
Хўжалиги, асосан, қ. х. га ихтисослашган (ғаллачилик ва чорвачилик етакчи ўринда). Кичик, ўрта ва йирик бизнес корхоналари, МТП, микрофирмалар, қурилиш корхоналари фаолият кўрсатади. Савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. 380 га яқин фермер хўжалиги бор, шу жумладан, 350 таси деҳқончилик, 27 таси чорвачилик билан шуғулланади. Ширкат хўжаликлари мавжуд. Туманда 28,9 минг гектардан зиёд ер майдонида деҳқончилик қилинади, шундан суғориладиган ерлар 4,1 минг га, лалмикор ерлар 24,9 минг га. Токзорлар, боғлар ва бошқалар кўп йиллик дарахтзорлар, Хўжамушкент ўрмон хўжалиги мавжуд. Умумий таълим мактаблари, лицей, касбҳунар коллежи, 5 клуб, 7 кутубхона бор. Касалхона (120 ўрин), 8 қишлоқ врачлик пункти, 3 дорихона аҳолига хизмат кўрсатади. Баландчақир — Янгиер, Жулангар — Янгиер, Хўжамушкент — Янгиер йўналишларида автобуслар ва Даштобод, Жиззах, Ховос, Янгиер шаҳар ва шаҳарчаларига маршрутли таксилар қатнайди. Янгиобод тумани ҳудудида Хўжамушкент бобо, Рустам бобо, Сайидон Азиз, Чангаул зиёратгоҳлари бор. 2000 йилдан «Янгиобод ҳаёти» туман газ. нашр этилади. Фахриддин Абдусатторов.