ЯССАВИЙ МАЖМУАСИ

ЯССАВИЙ МАЖМУАСИ, Хожа Аҳмад Яссавий меъморий мажмуаси — Туркистон (қад. Ясси) шаҳридаги меъморий ёдгорлик (1389—95); Қозоғистон ҳудудида. Дастлаб Хожа Аҳмад Яссавий қабри устида кичик мақбара қурилган (12-аср). Кейин Амир Темур томонидан улкан маҳобатли мақбара мажмуи бунёд этилган, бино лойиҳасини ишлаб чиқишда унинг ўзи шахсан иштирок этган. Қурилишга девоннинг хайрия ишлари бошлиғи Мавлоно Убайдулла Садр бош этиб тайинланган. Қурилиш қисқа муддатда зудлик билан бошланиб жадал қурила бошланган, бироқ Амир Темурнинг вафоти (1405)дан сўнг қурилиш тўхтаб қолган. Бино олдидаги улкан пештоқни Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II (1583—98) тиклашга ҳаракат қилган. Яссавий мажмуаси кўлами жиҳатдан ўша даврларда бунёд этилган Бибихоним жоме масжиди, Шаҳрисабздаги Оқсарой ва Дор усСиёдаш мажмуига тенглашади.

Яссавий мажмуаси жанубдан шим. га чўзилган тўртбурчак тарҳли (46,5×65,5 м), пештоқгумбазли; мужассамот марказида жамоатхона ва унинг атрофида гўрхона, масжид, катта ва кичик оқсарой, китобхона, ҳалимхона, қудуқхона ва 2 қаватли ҳужралар (жами 35 дан ортиқ хоналар) жойлашган; мажмуанинг жан. ғарб томонидаги ер ости чиллахонаси Яссавий даврида пайдо бўлган, кейинги даврларда қайта тузатилган. Мажмуа ташқи деворларининг қалинлиги 1,8—2 м, жамоатхона деворининг қалинлиги 3 м. Маҳобатли бино жамоатхона билан боғланган 2 қаватли 8 йўлак (даҳлиз)лар билан симметрик тарзда 8 қисмга бўлинган (йўлаклардан 2 тасининг боши берк); гўрхонага жамоатхона билан боғланмаган алоҳида йўлак орқали кирилади, кириш эшиги тепасидаги тош лавҳага мажмуа Амир Темур буйруғига биноан бунёд этилгани қайд этилган. Мажмуанинг бош тарзидаги улкан пештоқ (кенглиги 50 м, равоғиники 18,2 м)нинг икки ёнига гулдасталар, орқа бурчакларига устунгўшалар ишланган, пештоқ орқали жамоатхонага кирилади, жамоатхона (бал. 37,5 м) катта гумбаз (диаметри 18,2 м) билан ёпилган; хона ўртасига қирқ қулоқли назирниёз қозони ўрнатилган (уста Абдулазиз ибн Шарафиддин иши), бу ерда ҳафтада 2 марта камбағал бечоралар ва мусофирларга ҳалим тортилган. Жамоатхона тўридаги гўрхона (7,15×7,15 м) да яшил яшма тошидан ишланган сағана (3,25×2,2 м) бўлиб, унда ўйма нақшлар ва китобалар сақланган. Гўрхона ва масжид қўшқаватли гумбаз билан ёпилган: гўрхонанинг ташқи гумбази (диаметри 10 м, бал. 21 м) 52 та қовурғали бўлиб, сиркори кошинлар билан китобалар битилган баланд пойгумбазга ўрнатилган, масжид гумбазининг пойгумбазида 16 та панжарали дарчалари бор, шифтидаги 6 қиррали юлдуз шакли хонага жозибадорлик бахш этган, айниқса меҳроб (3,5×2,5 м) ҳашамдор безатилган. Жамоатхона, гўрхона, масжиднинг ички деворларига равоқлар ишланиб, хоналар ичи кенгайтирилган, гумбаз ва равоқлар муқарнаслар билан тўлдирилган. Бино кўламини унинг ташқи безакларидаги кошинкори ҳандасий нақш ва китобалар ҳам таъкидлайди. Яссавий мажмуасининг ташқи девор юзаси 3 қисмга бўлиниб, пойдеворига (бал. 1,85 м) кошинкори гириҳ нақшлар, ўрта асосий қисмга йирик ҳандасий шакллар ва юқори ҳошия (фриз) қисмига (бал. 2,62 м) китобалар ишланган. Гўрхона ва масжид ичкариси ҳалланган рангли кошинлар билан зийнатланган. Бино эшиклари ёғоч ўймакорлигида безатилган, металл қисмлари рихтагарлик, кандакорлик усулида бажарилган.

Яссавий мажмуаси безаклари орасида уста Сафар, Ҳожи Ҳасан Шерозий (1397), Шамс Абд улВаҳҳоб Шерозий, Иззатиддин ибн Тожиддин Исфаҳоний номлари сакланган.

Яссавий мажмуасида Улуғбеюшш қизи Робия Султон бегим мақбараси бунёд этилган (15аср). 16-асрда Яссавий мажмуасига қўшимча бинолар қурилган, мажмуанинг айрим хоналаридан гўрхона сифатида фойдаланилган (мас, Абулхайрхон ва бошқалар дафн этилган). 19-асрда Қўқон хони томонидан мажмуа атрофидаги ҳудуд ғишт девор билан ўралиб, қалъага айлантирилган.

Яссавий мажмуаси турли даврларда илмий ўрганилган, таъмирланган, пойдевори мустаҳкамланган. 1975 йилда меъморий ҳудуд (65 га)ни ҳимоялаш бош режаси қабул қилинган. Яссавий мажмуаси 1978 йилдан музейга айлантирилган.

Ад:. Нурмухаммедов Н ., Архитектурный комплекс Ахмеда Ясави, АлмаАта, 1988.

Пўлат Зоҳидов.


Кирилл алифбосида мақола: ЯССАВИЙ МАЖМУАСИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Я ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



АМИР ТЕМУР
ТОШКЕНТ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТЕМУРИЙЛАР
БУХОРО ВИЛОЯТИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты