ЯХОБ — тупроқда нам захирасини ҳосил қилиш ва экиннинг униб чиқиши ва нормал ривожланиши учун шароит яратиш мақсадида ҳайдалма ерларга, боғлар ва токзорларга қиш, эрта баҳорда сув бериш. Ёғин миқдори етарли бўлмаган (йилига 250 мм дан кам) р-нларда қўлланилади. Яхоб грунт сувлари 3 м дан чуқур жойлашган автоморф тупроқларда яхшироқ самара беради. Турли даражада шўрланган гидроморф тупроқларт Яхоб шўр ювиш вазифасини бажаради. Баъзи жойларда (енгил ва қатлами юпқароқ тупроқпарда) Яхоб экиш олдидан ўтказилади (экиш олдидан сув бериш). Яхоб текис ерларда марза олиниб, нишабли ерларда айланма ёки дандана ариқ солиб берилади. Яхоб техникаси вегетацион сув бериш техникаси билан деярли бир хил. Яхоб нормаси турлича бўлади: тагзамини қум ёки шағал бўлган 0,5—1 м қалинликдаги тупроқларда 1000—1800 м3/га, қалин автоморф тупроқларда 2500 м5/га гача боради (қ. Ер шўрини ювиш).