ЯХТОН ВОЛЬФРАМ КОНИ — Самарқанд вилояти Ургут туманидаги кон. Ургут шаҳридан 10 км шим. да жойлашган. Яхтон вольфрам кони ҳудудида яна бир қанча майда вольфрам конлари ва намоёнлари (Чоштепа, Камонгарон, Зинак ва Турангли) мавжуд. Яхтон вольфрам кони Яхтон рудали майдонида кўпроқ ўрганилган ва муҳим объектлардан ҳисобланади. Бу майдон йирик Хўжадик—Авгайжуман гектоник зонасида мужассамлашган. Конда вулканогентерригенли, туфогенкарбонатли, карбонатли ва кремнийкарбонатли ётқизиқлар мавжуд бўлиб, уларни интрузив ҳосилалар (гранитоидли ва ишқорбазальтли) мажмуаси ёриб чиққан. Скарнлашган метасоматик жинслар коннинг рудаларини ўзида қамровчи асосий минераллашган ҳосилалар бўлиб, улар қатламлараро чегара ва чегараолди ҳамда штокверксимон таналар шаклида интрузив ва чўкинди жинслар контакт зоналарида ривожланади. Баъзида скарнлар чўкинди тоғ жинслари орасида жойлашиб, чегарадан 150—200 м узоқликда ҳам учрайди. Коннинг асосий захиралари скарншеелитли штокверк ва шим. ғарбий майдондаги қатламлараро рудали жисмларда тўпланган. Ушбу майдондаги контактолди скарнли зона 500—600 м чуқурликда бўлиб, 1000 м га чўзилган. Скарнрудали жисмлар қалинлиги ўзгарувчан бўлиб, 2—3 м дан 20—25 м гача. Барча скарнлар вольфрам, олтин, висмут, маргимуш ҳамда кумуш, молибден, рух, қалайнинг юқори концентрациясига эга. Асосий рудали минерал — шеелит; олтин эса, йўлдош компонент бўлиб ҳисобланади. Сульфидлардан, одатда, пирротин, арсенопирит, пирит, халькопирит, баъзан галенит, сфалерит, висмутин учрайди. Норудалардан альбит, кварц, хлорит, серицит, пироксен ва бошқалар мавжуд. Асосий рудали компонент — \\Ю, нинг аниқланган захиралари 22 минг т дан кўпроқ, башоратланганлари 50 минг т дан ортиқ.