ЯХШИЛИК ВА ЁМОНЛИК

ЯХШИЛИК ВА ЁМОНЛИК — ахлоқ шунослик фанининг жуфт тушунчаси. Одамларнинг хатти-ҳаракатларига, ижтимоий ҳодисаларга берилган ижобий ёки салбий баҳони ифодалайди. Яхшилик — энг муҳим фазилат бўлиб, инсон фаолиятининг асл ва азалий моҳиятини англатади. У инсонга кучли руҳий лаззат бағишлаши баробарида, уни шахсга айлантирадиган ҳақиқий бахтга олиб боради. Шунинг учун ҳам «эзгу (яхши) фикр», «эзгу (яхши) сўз», «эзгу (яхши) амал» тушунчалари Авестодан тортиб, барча муқаддас китобларда етакчи ўрин эгаллаган. Яхшилик инсоннинг ахлоқий ва амалий фаолиятида юзага чиқиб, унда камтарлик, очиқкўнгиллилик, мардлик, ҳалоллик, инсофлилик, адолат, ростгўнлик каби фазилатлар мужассам бўлади. Ёмонлик — яхшиликнинг зидди, шахс ва жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи иллат. Ёлғончилик, пасткашлик, мунофикдик, беҳаёлик, раҳмсизлик, номардлик, хиёнат каби тушунчаларда намоён бўлади. Диний нуқтаи назардан яхшилик илоҳий иноят, ёмонлик эса инсондаги шайтоний ва ҳайвоний хислатларнинг ифодаси тарзида талқин қилинади; яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам инсоннинг ихтиёр эркинлигидан қай даражада фойдаланишининг оқибати саналади. Қуръонда яхшилик қилиш инсоннинг табиий бурчи экани, Аллоҳ инсонга ўзининг неъматлари билан эҳсон қилганидек, инсон ҳам бошқаларга яхшилик қилиши лозимлиги таъкидланади. Мусулмонлар тасаввурига кўра, одамлар бу дунёдаги яхши ишлари учун нариги дунёда мукофотини олади, яъни ҳузурҳаловатга муяссар бўлади, ёмон ишлари учун дўзах азобига дучор этилади. Қуръонда «Агар чиройли амаллар қилсангизлар — ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир», дейилади (17сура, 7оят). Кейинги даврларда Яхшилик ва ёмонлик ва ё. инсон ўз манфаатларини ҳимоя қилишда тўғри ёки нотўғри йўл тутиши натижасида юзага келади, деган фикр ўртага ташланди. Мутафаккирлар ёмонликни инсон ҳаётидан чиқариб ташлаш учун уни вужудга келтирувчи ижтимоий шароитни йўқ қилиш зарур деб таълим беради. Яхшилик ва ёмонлик ва ё. тушунчалари инсон фаолиятини баҳолаш хусусиятига эга: уни инсоннинг улуғлиги ёки тубанлигини ўлчайдиган муқаддас тарозига ўхшатиш мумкин. Инсон шахсидаги ютуқ ва камчиликлар, жамиятнинг такомилга эришган ёки эришмагани шу мезонлар билан ўлчанади. Қайси жамиятда яхшилик кўпайиб, ёмонлик камайиб борса, ўша жамият ахлоқий юксакликка, фаровонликка, тараққиётга тезроқ эришади; шахсий муносабатларда хиёнат, ғазаб, кибр, ҳасад, қасд, мунофиқлик каби иллатлар аста-секин йўқолиб, хушхулқлик, ширинсуханлик, ҳалоллик, бағрикенглик сингари фазилатлар кўпроқ ўрин эгаллаб боради, натижада жамиятда яхшиликнинг устувор бўлишига олиб келади.

Абдулла Шер.


Кирилл алифбосида мақола: ЯХШИЛИК ВА ЁМОНЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Я ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ЭТИКА
Исмлар маъноси. Энг оммабоп исмлар тўплами.
ФОРОБИЙ
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты